13167

Озодбек Назарбеков «Ёшлар қабулхонаси» кўрсатувида бошловчилик қилади

Жамият 18 июль 19:59 704

Жорий йил 20 июл куни Ёшлар телеканалида «Ёшлар қабулхонаси» янги кўрсатуви эфирга узатилади. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил Facebookдаги саҳифасида пост ёзиб қолдирди.

Унда ёзилишича, «Ёшлар» телеканалида бир қанча янги телелойиҳалар тайёрланмоқда. Улардан бири «Ёшлар қабулхонаси» кўрсатуви бўлиб, у Озодбек Назарбеков ташаббусидир. Кўрсатувда унинг ўзи бошловчилик қилади. Кўрсатув 20 июль, пайшанба куни кечки дастурларда илк эфир юзини кўради.

«Ушбу кўрсатув бугунги кунда Олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентларга, уларнинг олдида турган муаммоларга, тўсиқларга, қийинчиликларга боғишланади. Вилоятлардан келган абитуриентлар қаерга жойлашди? Имтиҳонларга тайёргарлик кўриш учун қандай шарт- шароитлар яратилди? Уларга қандай енгилликлар яратишимиз керак? Кўрсатув тайёрлаш жараёнида жуда кўп абитуриентлар, институт ходимлари, Олий таълим раҳбарлари билан боғландик, вазир ўринбосари бир қанча танқидий фикрларимизга жавоб берди», — дейди телеканал раҳбари Озодбек Назарбеков.

Шунингдек, хабарда айтилишича, телеканалда Ўзбекистондаги мавжуд партиялар фаолияти, депутатлар, кадрлар тайёрлаш жараёни, коллеж ва мактаб каби долзарб мавзуларга бағишланган муҳокама ва мунозара шаклидаги кўрсатувлар ҳам тайёрланмоқда.

Ўзбекистоннинг таниқли шахслари, жумладан, Ислом Каримов, Шароф Рашидовларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хикоя қилувчи туркум фильмлар ҳам суратга олинмоқда. Қолаверса, «Как стать миллионером?» («Қандай қилиб миллионер бўлиш мумкин?»), «Голос» («Овоз») каби машҳур кўрсатувларнинг хориждаги муаллифлари билан, шу кўрсатувларнинг ўзбекча вариантини тайёрлаш борасида шартномалар имзоланмоқда.

«Хуллас, ижодий режаларимиз жуда катта. Худо қувват берса, бу лойиҳаларни албатта амалга оширамиз… Менга ишонч билдирганликлари учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевдан жуда миннатдорман», — дейди Озодбек Назарбеков.

Изоҳ билдириш