36805

Жазо тайинлашда уй қамоғида ўтирилган вақт ҳам ҳисобга олинадими?

Ўзбекистон 23 апрель 17:04 532

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга (ЎРҚ–476, 18.04.2018 й.) мувофиқ

Жиноят кодексининг 62-моддасига жазо тайинлашда ушлаб туриш ва уй қамоғи муддатларини ҳисобга олишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар берди.

Мазкур ўзгартириш киритилгунга қадар Жиноят кодексининг 62-моддасида, суд жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олар эди. Дастлабки қамоқ деганда эҳтиёт чораси сифатида шахсни қамоқда сақлаш тушунилади. Шу билан бирга, процессуал мажбурлов чоралари сифатида ушлаб туриш ҳамда уй қамоғи эҳтиёт чораси ҳам мавжуд. Бироқ, жазо тайинлашда ушлаб туриш ва уй қамоғи муддатларини ҳисобга олиш тартиби назарда тутилмаган эди.

Статистик маълумотларга кўра, 2015-2016 йилларда ва 2017 йилнинг биринчи чорагида судлар томонидан жами 505 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

ЖКнинг 62-моддасида уй қамоғи муддатини ҳисобга олиш тартиби назарда тутилмаганлиги сабабли, суд амалиётида жазо тайинлашда уй қамоғи муддатини ҳисобга олишда турлича ёндошувлар юзага келган.

Хорижий давлатлар тажрибаси, Германия, Россия Федерацияси, Белорусь ва Қозоғистон Республикалари қонунчилигида жазо тайинлашда уй қамоғи муддатини ҳисобга олиш тартиби мавжудлигини кўрсатди.

Юқоридагиларга кўра, Жиноят кодексининг 62-моддасига жазо тайинлашда ушлаб туриш ва уй қамоғи муддатларини ҳисобга олишни назарда тутувчи қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

62-модда. Ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари
Суд жазо тайинлаш чоғида ушлаб туришнинг, қамоққа олишнинг ёки уй қамоғининг ҳар бир кунини:

а) озодликни чеклашнинг, интизомий қисмга жўнатишнинг, озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига;

б) ахлоқ тузатиш ишларининг ёки хизмат бўйича чеклашнинг уч кунига;

в) мажбурий жамоат ишларининг тўрт соатига тенглаштириб ҳисоблайди.

Суд ушлаб турилган, қамоқда ёки уй қамоғида сақланган шахсга жарима тайинлашда ушлаб туришнинг, қамоқда ёки уй қамоғида сақлашнинг бир кунини энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисмига тенглаштириб ҳисобга олади.

Изоҳ билдириш