32282

Жанубий Кореяга ишга борадиган ўзбекистонликлар учун квоталар сони кўпайтирилади

Ўзбекистон 20 февраль 8:37 1 165

Жанубий Корея ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қабул қилиш учун квоталар сонини кўпайтириши мумкин. Бу ҳақдаги музокаралар айни вақтда Кореяда бўлиб турган Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегациялари томонидан ўтказилмоқда, деб хабар қилинган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги сайтида.

Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ноқонуний миграция муаммоси мавжуд. Айрим экспертлар фикрига кўра, Кореяда Ўзбекистондан бўлган бир неча ўн минг нафар меҳнат мигрантлари ноқонуний фаолият юритаётган бўлишлари мумкин.

Шу билан бирга, 2007 йилдан 2016 йилгача 27 минг нафар ўзбекистонлик Жанубий Кореяда қонуний ишлаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ушбу ҳолатни ўнглаш учун мигрантларни қабул қилиш квотасини кўпайтириш, шунингдек, уларни Корея иқтисодиётининг бошқа соҳаларига ҳам жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Тез кунларда Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида очилиши кўзда тутилган Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлиги бу жараёнда ёрдам бериши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Бунинг учун Ўзбекистонда Жанубий Кореяга ўқиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетишга тайёр фуқароларни тайёрлайдиган ўқув марказларини очиш режалаштирилмоқда.

Изоҳ билдириш