48885

Йўл-патрул хизмати ходимларига ҳужум уюштирилди

Ўзбекистон 5 ноябрь 17:37 1 065

Қашқадарёда йўл-патрул хизмати ходимларига ҳужум уюштирилди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Қашқадарё вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл патруль хизмати инспекторлари Косон туманида хизмат вазифасини бажараётиб, йўлда ҳаракатланаётган «Кобальт» русумли автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжат сўрашади.

Ўзини Ҳусниддин Тўрақуловман, деб таништирган шахс ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтади.

Инспекторлар ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиришади. Автомашина шундан сўнг вақтинчалик жарима майдончасига олиб борилиши керак эди.

Аммо Тўрақулов ва унинг йўловчилари: турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи инспекторларга қаршилик кўрсатишган. Хусусан, ҳайдовчининг ўғли қўлига пичоқ олиб Косон тумани 11-сонли ички ишлар бошқармасига тегишли «Дамас» русумли автомашина ойнасини синдириб, баллонларига шикаст етказган.

Шундан сўнг йўловчилар ўз автомашинасига ўтириб, воқеа жойидан қочиб кетишган.

«Йўловчи йигитнинг қуюшқондан чиқиб кетиб, амалга оширган қўпол ҳаракатлари натижасида кичик сержант Ж.Юлдашев ва сафдор И.Қораевга жароҳат етказилган. Уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган», – дейилади хабарда. 

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси маълумотига кўра, тезкор чоралар натижасида ҳужум қилган шахс ва автомашинада бўлганларнинг барчаси ушланиб, туман прокуратурасига топширилди.

Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар