42545

“Ёшлар қаноти” фаоллари Тошкент шаҳар ҳокимига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон 21 июнь 12:26 1 039

“Миллий тикланиш” ДП “Ёшлар қаноти” фаолларининг Тошкент шаҳар ҳокимига мурожаати

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг дунёда мавжуд бўлган 200 дан ортиқ давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган ўз давлат рамзларига эга бўлди.

Айниқса, байроғимизнинг 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлаганига мана, қарийб йигирма олти йил бўлибди.

Ўтган давр мобайнида келажагимиз бунёдкорлари бўлган, Ватанимиз кўзининг оқу-қораси минглаб ўғил-қизларимиз, кўп миллатли халқимиз уни фахр билан юксакларга кўтарди. Байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугина эмас, дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ич-ичимиздан ҳис қиламиз.

Зеро, бугун мустақилликни янада мустаҳкамлаш учун тарихнинг янги саҳифаси очилиб, давлат ва халқ ўртасидаги ришталар кундан кун тобланиб, боғланиб бораётган бир пайтда Ватанимиз байроғи бугун ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқиб – уларни белини маҳкам боғлашга, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақираётгани айни ҳақиқат. Қалбимиздаги Ватанимиз билан боғлиқ эзгу орзуларимиз ҳамда келажакка бўлган комил ишончимиз бугун байроғимизда жилоланади, десак асло муболаға бўлмайди.

photo_2018-06-21_11-33-33 (3).jpg

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Шундай экан бугун ислоҳотлар шиддатига мос равишда қадимий Тошкент тез кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида ўзининг янги ва замонавий қиёфасига эга бўлиш арафасида турибди.

Айнан шу фурсатда республикамизнинг кўп сонли ёшлари таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Ёшлар қаноти” азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида ёшларни Ватанпарварликка ундовчи, халқимизнинг ғурурини акс эттирувчи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимизни бирлаштирувчи, пойтахтимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳларга миллатимизнинг “мен”ини намоён этувчи иншоот сифатида Давлат байроғи майдонини яратиш таклифини билдиради.

photo_2018-06-21_11-33-33 (2).jpg

Негаки, бугунги кунда дунёнинг қатор давлатларида 100 метрдан баланд бўлган флагшток (байроқли устун) ларга эга бўлган давлат байроғи майдонлари яратилган. Масалан, жаҳондаги энг баланд ҳисобланган 170 метрли флагшток Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида, шунингдек, Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида 165 метрли, Озарбайжон Республикаси Баку шаҳрида 162 метрли флагштоклар ўрнатилган. Шу билан биргаликда АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония каби ва бошқа қатор ривожланган демократик давлатларда давлат ва жамоат идоралари ёнидаги майдонларда давлат байроқлари устунларга ўрнатилган.

photo_2018-06-21_11-33-34.jpg

Айни кунда ҳамдўстлик мамлакатларида ҳам бундай ёшларни ватанпарварликка чорловчи маънавий- маърифий, ижтимоий-сиёсий иншоотлар қад кўтариб ва улар ўз давлатларининг қаддини ҳам кўтариб турибди.

photo_2018-06-21_11-33-34 (2).jpg

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” фаоллари Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Абидович Артикходжаевга азим пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойида Давлат байроғи майдонини яратиш ва унга катта ҳажмдаги флагштокни ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь кунини кенг миқёсда тантанали ватанпарварлик маросими сифатида ана шу майдонда нишонлаш таклифини билдирди.

Зеро, токи давлат бор экан, миллат бор, байроқ бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки, байроқ — бирлигимиз рамзи, улуғворлик тимсолидир!

Ўйлаймизки, Тошкент шаҳар ҳокими Юртбошимиз катта ишонч ва умид билдирган раҳбар сифатида келажагимиз бунёдкори бўлган ёшларимизнинг ушбу таклифини инобатга олади.

Ҳамдам Ниёзов,

 Ўзбекистон “Миллий тикланиш”

демократик партияси “Ёшлар қаноти” фаоллари номидан

Изоҳ билдириш