49958

Янгилик: Ишга қабул қилишда эндиликда прописка талаб қилинмайди

Ўзбекистон 14 декабрь 9:42 594

Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан фоҳишалик учун жарима миқдори оширилди, бу иш билан шуғулланиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жарима солинишига олиб келади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача).

Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима).

Ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди (бунинг учун 18 ёшга қадар паспорт олиш керак).

Ишга қабул қилишда эндиликда прописка талаб қилинмайди бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчини маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлувчи 223-2-модда чиқариб ташланди.

Худди шундай, Меҳнат кодексидан ҳам ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлиги ҳақидаги қоида чиқариб ташланди.

Эслатиб ўтамиз, Қонун кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши ва белгиланган тартибда расман эълон қилиниши лозим.

Изоҳ билдириш