45850

Янги ободликларнинг муаммолари юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборилди

Ўзбекистон 14 август 14:20 493

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Наманган вилоят ва Наманган тумани Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги “Шамшикўл” МФЙ “Янги обод” кўча аҳолиси билан учрашиб, ҳудуддаги муаммо ва таклифларни атрофлича ўрганди.

Ишчи гуруҳ кун давомида мазкур ҳудудда яшовчи 50 дан ортиқ аҳоли билан юзма-юз мулоқотга киришди. Ўрганишлар жараёнида аниқландики, ҳудуд аҳолиси суюлтирилган газ ва газ баллон таъминотидаги узулишлардан азият чекмоқда. Қолаверса, аҳоли хонадонидаги мавжуд томорқаларда шўрланиш даражаси юқорилиги сабабли тупроқ унумдорлигига жиддий таъсир кўрсатиши ва бунинг оқибатида томорқадан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

–  Заканларимиз охирги марта 3 йил аввал тозаланган, – дейди “Янги обод” кўчасида яшовчи фуқаро Умида Фозилова. –  Бунинг натижасида заҳҳоб сувлар димланиб қолиб, шўрлик даражаси ошиб кетяпти. Шу боис ҳам ерда ниҳол парваришлаш имкони йўқ.

Бундан ташқари, ҳудудда яшовчи Акбаралиевлар хонадонидаги 5 нафар шахс фуқаролик паспортига эга эмаслиги туфайли бир неча йиллардан буён турли қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

– 1991 йилда маълум сабабларга кўра Ўзбекистонга Тожикистондан кўчиб келганмиз, – дейди Зиёда Акбаралиева. –  Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган амалий ишлардан кўнглимиз шод. Мана маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастури доирасида анча обод бўлди. Биргина муаммо шуки, ҳалигача фуқаролик паспорти олиш борасида қийналяпмиз. Бунинг оқибатида ўғлим Ҳафизулло ҳам доимий иш жойига эга бўлиш борасида муаммоларга дуч келяпти.

Аҳолидан келиб тушган муаммоларни тезкорлик билан ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ учрашув жараёнида хонадонма-хонадон юриб, “Ҳар бир оила тадбиркор” ва “Yoshlar kelajagimiz” давлат Дастури мазмун-моҳитятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этмоқда. Ушбу дастур бўйича ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирган халқ вакилларига кредит олиш борасида зарурий кўрсатма ва амалий ёрдам берилди.

Айтиш жоизки, ушбу маҳалла 2018 йил “Обод маҳалла” дастурига киритилган ва дастур доирасида ҳудуддаги аҳолини ичимлик суви ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида ишлар самарали ташкил этилмоқда.

Партия фаолларининг аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.

Изоҳ билдириш