44401

Водийлик истеъмолчига салкам 7 млн сўм нореал қарздорлик ҳисоблангани маълум бўлди

Ўзбекистон 11 июль 16:20 356

Туман жамияти эшигидан кириб келган Абдухалил отанинг кайфияти унчаликмаслигини кўрибоқ «Отахонни бирортаси ноҳақдан хафа қилипти, шекилли», деган ўй хаёлимдан ўтганди. Суҳбатимиз жараёнида хаёлимдан ўтгани ҳақиқат бўлиб чиқди.

Суҳбатимиз асносида отахон Ёзёвон тумани Электр таъминоти корхонаси томонидан унинг хонадонига нисбатан 7 000 000! сўм қарздорлик ҳисобланаётгани, бу масалада хонадонига ташриф буюрган МИБ ходими билан ҳам тортишиб қолганлигини сўзлаб берар экан, ёзма равишда ариза қилиб келганлигини айтиб, аризани қўлимизга тутқаздилар.

Шундан сўнг, отахонни мурожаати асосида, туман электр таъминоти идораси маъсул ходимлари билан биргаликда, хонадонга ташриф буюрганимизда эса қуйидаги ҳолатга дуч келдик. Хонадонга янги электрон ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, барча муҳрлари жойида, фойдаланишга яроқли, мутахассислар ҳам унинг бир меъёрда ишлаб турганлигини таъкидлашди. Ўрганиш куни ҳолатига ҳисоблагичнинг электр сарфи кўрсаткичи 889 кВт/соатни кўрсатиб турибди. Унда гап нимада, дерсиз?

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, хонадонга янги ўрнатилган электр ҳисоблагич туман ЭТ корхонасининг ПК электр ҳисоб базасига киритилмасдан қолиб кетган, ҳисоб-китоб эса эски СО2м5А русумли электр ҳисоблагич бўйича кетаверган. Албатта, отахоннинг уйига ўрнатилган ҳисоблагич ўз-ўзидан бу жойга ўрнаб қолмаган, уни туман электр таъминоти корхонасининг ваколатли ходимлари томонидан ўрнатилган, бироқ кимларнингдир эътиборсизлиги натижасида ишлар охирига етказилмасдан чала қолган. Жабрини эса истеъмолчи чекмоқда. Шу жойнинг ўзида электр таъминоти корхонаси мутахассиси В.Имомов томонидан бу ҳақида маълумотнома ёзилди.

Олиб борилган қайта ҳисоб-китоблар натижасида хонадоннинг ўрганиш ўтказиш куни ҳолатига ҳақиқий қарздорлиги 93 922 (тўқсон уч минг тўққиз юз йигирма икки) сўмни ташкил қилди. Истеъмолчига мазкур қарздорликни тезликда бартараф қилиш лозимлиги тушунтирилди. Олиб борилган ишлар натижасида истеъмолчи ҳуқуқи тикланиб, унинг 6 906 078 сўм миқдорида моддий зарар кўришини олди олинишига эришилди.

Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман ИҲҲҚ жамияти
мутахассиси

Изоҳ билдириш