7947

Вазирлар Маҳкамаси ҳокимлик раҳбарларига хизмат уйларини бериш тартибини тасдиқлади

Ўзбекистон 29 май 17:21 281

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жойлардаги ижро органлари раҳбарлари учун хизмат турар-жойлари қуриш, тақсимлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Бу ҳақида Norma хабар бермоқда.

Мазкур ҳужжатга кўра, 1 қаватли, 5 хонали, 0,06 гектар майдонга эга хизмат уйлари Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, 2 қаватли, 4 хонали, 0,04 гектар майдонга эга уйлар эса туман ҳокимликлари раҳбарлари учун қурилади.

Хизмат уйлари маҳаллий бюджет ҳисобидан минимал даражада зарур мебел, маиший техника ва бошқа хўжалик буюмлари билан жиҳозланади. Уларга жойлашиш ва беғараз фойдаланиш шартномасини тузиш учун хизмат уйи учун берилган ордер асос бўлиб хизмат қилади.

Хизмат уйларини бўлиш, алмаштириш ва хусусийлаштириш мумкин эмас. Улардан бошқа мақсадларда фойдаланиш, шунингдек, ижарага бериш ман этилади.

Ушбу уйларнинг коммунал тўловлари уларда яшовчи давлат хизматчилари, уларнинг оила аъзолари томонидан шахсий маблағи ҳисобидан тўланади ёки маошидан ушлаб қолинади.

Мансабдор лавозимини тарк этганда хизмат уйини бўшатиши шарт.

Изоҳ билдириш