49011

Ўзбекистонда Россия миграция маркази очилади

Ўзбекистон 9 ноябрь 10:17 397

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегацияси 30 октябрь—2 ноябрь кунлари Россияда ишчи ташриф билан бўлди. Бу ҳақда вазирликнинг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди.

Ташриф доирасида 30 октябрь куни делегация Россия Федерацияси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари А.Черкасов билан музокаралар ўтказди.

Томонлар бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилди, улар орасида Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон фуқароларига Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (патент)лар бериш хизматларини тақдим этувчи Россия Федерациясининг кўп функсионалли миграция марказини ташкил этиш ҳам бор эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази ҳамда Россия меҳнат вазирлиги Меҳнат Бутунроссия илмий-тадқиқот институти ва Иқтисодиёт олий мактаби ўртасидаги ҳамкорлик, фуқаролар меҳнат стажи ва пенсия ҳуқуқларини ўзаро ҳисоблаш бўйича келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, икки мамлакат пенсия жамғармалари ўртасида маълумотлар электрон базаси алмашинуви масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар 2018 йил 20 декабрда Тошкентда мавжуд келишувларга эришиш бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи учрашувини ўтказишга келишиб олди.

Изоҳ билдириш