48219

Ўзбекистон Тожикистон билан чегарани миналардан тозалашни бошлади

Ўзбекистон 9 октябрь 10:58 307

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида Панжикент ва Самарқанд шаҳарлари йўналишида миналардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда, деб ёзади Asia-Plusга асосланиб Дарё. Чегарани минасизлантиришда ўзбекистонлик сапёрларга тожикистонлик мутахассислар ёрдам бермоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, чегарани миналардан тозалашни бошлашдан аввал икки мамлакат ҳукуматларининг қўшма гуруҳи Тошкент томонидан тақдим этилган, чегаранинг миналанган ҳудудлари харитаси билан танишган.

Бироқ Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг айнан қайси ҳудудлари миналангани ва уларнинг умумий майдони қанчалиги ҳақидаги маълумот махфий қолдирилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга март ойидаги биринчи давлат ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарлари 2019 йил охиригача умумий чегарани миналардан тозалаш ишларини якунлашга келишиб олган эди.

Тожикистон Миллий мина маркази маълумотларига кўра, ўтган 20 йил ичида 374 нафар тожикистонлик миналар портлашидан ҳалок бўлган, яна 485 нафари жабрланган. Минасизлантириш чоғида эса 20 нафар тожикистонлик сапёр жароҳат олган, икки нафари эса ҳалок бўлган.

Изоҳ билдириш