7859

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов илк бор Сенатга ҳисобот берди

Ўзбекистон 29 май 13:00 244

Ўзбекистонда мамлакат ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботини Сенатда йилига икки марта эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Олий Мажлис юқори палатасининг 27 май куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида вазир Абдулазиз Комилов илк бор Сенат олдида ҳисобот берди. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) сайтида вазирнинг Сенатдаги нутқи матни эълон қилинган ва унда эътиборга молик жиҳатлар бор.

Ўзбекистоннинг етакчи мамлакатлар билан муносабатлари кун тартибидан «болалар меҳнати» масаласи олиб ташланди. Абдулазиз Комилов Сенатда 2016 йилнинг сентябридан 2017 йилнинг май ойигача бўлган даврда амалга ишлар юзасидан ҳисобот берди. Унинг таъкидлашича, айнан шу ҳисобот даврида «Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти, шунингдек, АҚШ ва бошқа қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатлар кун тартибидан ‘болалар меҳнати’ деб аталадиган масала олиб ташланди». ТИВ раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик қайта тикланганини эслатиб ўтиб, Европа инвестиция банки билан битим тузиш устида фаол иш олиб борилаётганини эълон қилди.

Валюта конвертацияси ва инвесторлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси чет эллик бизнесменларни Ўзбекистондан қочирмоқда. Иқтисодиётга хорижий маблағларни жалб этишда давом этиб келаётган паст кўрсаткичнинг сабабларини аниқлаш мақсадида ТИВ Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказган. Улар Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган қатор омил ва шароитларнинг баъзилари сифатида қуйидагиларни санаб ўтган:

  • валюта конвертацияси ва фойдани репатриация қилиш;
  • банк-кредит тизимининг такомиллашмаганлиги;
  • сармоядорлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси ва етарли даражада самарали бўлмаган суд тизими;
  • маъмурий-бюрократик тўсиқлар (кўплаб хорижий компаниялар ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат олиш тартиб-қоидаларидан норози);
  • паст инвестиция рейтинги.

Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, вазирлик мазкур муаммоларини ўрганиб, «Инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларига хорижий сармоя ҳамда замонавий технологиялар жалб этилишини рағбатлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар давлат дастури» лойиҳасини ишлаб чиққан ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон раҳбариятига киритган.

ТИВ раҳбари инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштиришда бошқа вазирлик ва идоралар билан «тизимли муаммолар» борлигидан норозилик билдирди. Биринчидан, Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, сармоялар жалб этиш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар ўртасидаги вазифаларда аниқ ва қатъий тақсимот мавжуд эмас (дарҳақиқат, ҳозирги вақтда ТИВдан ташқари Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи савдо вазирлиги ҳам шу йўналишда иш олиб бормоқда).

Иккинчидан, чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистон элчихоналари орқали келиб тушган таклифларини кўриб чиқиш вазирлик ва идоралар томонидан «асоссиз равишда чўзилмоқда». «Кўпгина ташаббуслар Ўзбекистон учун яққол фойдали эканлиги кўриниб турган бўлса-да, улар лозим даражада қўллаб-қувватланмайди ёки инкор этилади. Одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан, хорижлик шерикларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаслик мумкин эмас — ҳатто уларнинг таклифлари бизда қизиқиш уйғотмаса ҳам», — деди Абдулазиз Комилов.

Учинчидан, Ўзбекистондаги тармоқ идоралари ва компанияларининг хорижий инвесторлар учун сармоявий таклифлари пухта тайёрланмайди — бу таклифлар хорижий экспертлар томонидан «бўш» ёки «халқаро андозаларга жавоб бермайди», деб баҳоланади. «Уларда маркетинг тадқиқотлари натижалари, таклиф этилаётган лойиҳалар истиқболлиги асосланиши, афзаллиги ва иқтисодий самарадорлигига доир маълумотлар бўлмайди. Умум қабул қилинган оддий талаблар — почта манзили, телефон ва факс рақами, электрон почта манзилини ёзишни-ку айтмай қўя қолайлик: мутлақо кўрсатилмайди», — дея муаммоларни кўрсатиб ўтди Абдулазиз Комилов.

Абдулазиз Комилов давлат бюджети ва унинг бажарилиши кўрсаткичларини мунтазам эълон қилиш ҳамда валюта бозорини либераллаштиришни таклиф қилди. ТИВ раҳбари вазирлик ва элчихоналарнинг инвестиция ва замонавий технологиялар жалб этиш соҳасидаги фаолиятини яхшилаш бўйича бошқа идора ва ташкилотларга таъсир қилувчи таклифларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарида қўшимча савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини киритиш, вазирлик аппаратида эса халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланувчи мустақил бўлинма ташкил этиш зарур.

Шунингдек, лойиҳалашга оид таклифларни тайёрлашнинг дунё тажрибаси асосида ягона стандартларини ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга Ғарбнинг етакчи консалтинг компанияларини жалб этиш, халқаро рейтинг агентликлари ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш зарур. ТИВ раҳбарининг фикрича, «очиқ манбаларда сармоядор учун инвестициявий фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган иқтисодий маълумотларни, жумладан, давлат бюджети ва унинг бажарилиши, пул-кредит сиёсати, ташқи савдо кўрсаткичлари ва бошқа ахборотларни мунтазам эълон қилинишини таъминлаш» керак.

Ва, албатта, «валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштириш, сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттириш» керак.

Абдулазиз Комилов Сенатдаги нутқи якунида Ташқи ишлар вазирлигининг «инвестиция жалб қилишдан ташқари» асосий вазифаларини санаб ўтди. ТИВ раҳбари ўз нутқи давомида ўтган тўққиз ой давомида айнан инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш вазифаларидаги сусткашликлар учун 7 элчи вазифасидан озод этилгани, йил бошидан бери вазирнинг уч ўринбосари ва икки нафар бошқарма бошлиғи қатъий ҳайфсан олганини маълум қилди. Айни вақтда, жаноб Комиловнинг таъкидлашича, ТИВ мажбуриятлари доирасига «Ўзбекистонга инвестиция ва илғор технологияларни жалб қилишдан ташқари»:

  • халқаро майдонда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш,
  • йирик мамлакатлар ва минтақалардаги таъсир доираси кучли давлатлар билан ҳар томонлама тенглик тамойилига мос, барқарор ва истиқболга эга бўлган алоқаларни ўрнатиш,
  • минтақавий хавфсизликни таъминлаш,
  • Ўзбекистон атрофида фаровонлик ва барқарорлик ҳудудини шакллантириш,
  • халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш,
  • хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш,
  • трансчегаравий дарёлар манбаларидан оқилона ва адолатли фойдаланишнинг таъминланишини тартибга солиш,
  • давлат чегараларининг делимитация ва демаркацияси масалаларини ҳал қилиш,
  • қўшни давлатлар билан конструктив ва дўстона алоқаларни йўлга қўйиш каби вазифалар ҳам киради.

Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаси – бу мамлакатнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини унинг яқин атрофида ҳам, узоқда ҳам таъминлашдан иборатдир», — деди Абдулазиз Комилов. Шунга қарамай, ТИВ раҳбари вазирлик ва Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари «ўз олдига қўйилган сиёсий-дипломатик фаолият билан бирга, савдо-иқтисодий ва сармоявий устувор вазифаларни ҳам ўз вақтида ва самарали бажариш учун бор куч-ғайратини ишга солиши»га ваъда берди.

Изоҳ билдириш