21065

Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарори

Долзарб янгилик | Ўзбекистон 18 октябрь 14:46 2 221

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги ПҚ-3327-сон қарори

Асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Акциядорлик-тижорат “Алоқабанк”нинг (кейинги ўринларда АТ “Алоқабанк” деб аталади) “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

асаларичилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган норматив-хуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этиш;

асаларичилик тармоғини ривожлантириш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, ягона илмий-техника, технологик, инвестиция ва экспорт сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда асаларичилик хўжаликларини ўрмон фонди ерларига, тоғ ва тоғолди ҳудудларига, табиий пичанзор ва яйловларга ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига жойлаштиришни амалга ошириш;

асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни марказлашган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш ва ушбу тажрибани кенг қўллаш ҳисобига асаларичилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;

асалари касалликларининг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий ва илғор усулларни жорий этиш ишларига кўмаклашиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шу жумладан, хорижий муассасаларда асаларичилик тармоғига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда иштирок этиш.

3. “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва унинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 27 нафар бўлган тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

4. Уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва унинг келгуси фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) 3-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (З.Т.Мирзаев) икки ой муддатда:

Уюшмани ташкил қилиш бўйича ташкилий масалалар ҳал этилишини, унинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Уюшманинг марказий аппарати юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва АТ “Алоқабанк” Уюшманинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириши билан боғлиқ барча зарур ташкилий-амалий тадбирларни таъминласин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Уюшма раиси ва унинг ўринбосари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади;

Уюшманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини молиялаштириш Уюшмага аъзо бўлган ташкилотларнинг аъзолик бадаллари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Уюшмани ташкил этиш ҳамда унинг фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар, Уюшманинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириш ва аъзолик бадали тўловлари дастлабки уч йил давомида АТ “Алоқабанк” маблағлари ҳисобидан таъминланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва АТ “Алоқабанк” томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Уюшманинг буюртманомасига асосан асаларичилик хўжаликларига – Уюшма аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб асаларичилик тармоғи учун олий малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. АТ “Алоқабанк”нинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги лизинг компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

тижорат банклари кредити ва лизинг компаниясининг ўз маблағлари ҳисобига асалари уялари, зарур жиҳозлар ва ускуналар етказиб беришни ташкил этиш ва таъминлаш;

асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар, ускуналар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизинг асосида етказиб бериш.

11. 2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини жойлаштириш учун ижара ҳақини “ноль” ставкада белгилаган ҳолда зарур бино ажратилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг буюртманомаларига биноан асаларичилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг виза талабномаларига биноан асаларичилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштиришни таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда асаларичилик тармоғида ишлаш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                                             Ш.Мирзиёев

Изоҳ билдириш