37371

Ўзбекистон Республикаси Президенти Покистон Ислом Республикасининг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Покистон Ислом Республикасининг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-лейтенат Камар Жавед Бажва бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлаб, ушбу учрашув Ўзбекистон билан Покистон ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, дўстлик, шериклик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига, умумий тарих ва диний эътиқод, анъаналар ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган кўп қиррали алоқаларнинг яна бир далили эканини алоҳида таъкидлади.

Турли даражадаги сиёсий мулоқотларнинг фаоллашгани қайд қилинди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайди: ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, икки мамлакат компаниялари ва тадбиркорлари томонидан қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, фармацевтика, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгаши фаолият юрита бошлади.

Ўтган йилнинг апрель ойидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент – Лахор – Тошкент йўналиши бўйича парвозлари тикланди.

Маданий-гуманитар алоқалар ривожланмоқда. Зиёрат туризми дастури доирасида мамлакатимизга сайёҳлар келиши кўпаймоқда.

Учрашувда ўзаро манфаатли алоқалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Генерал К.Бажва давлатимиз раҳбарига қабул учун миннатдорлик билдирди ва Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайннинг эзгу тилакларини етказди.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қуролли Кучларни модернизациялаш ва мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Жорий йилнинг март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича конференциянинг амалий натижалари тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида Қуруқлик қўшинлари қўмондони Покистоннинг мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Изоҳ билдириш