45741

Ўзбекистон разведкачилари кучли учликдан жой олди

Ўзбекистон 13 август 11:19 553

Ўзбекистон қўшин разведкачилари кучли армия учлигидан жой олди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда айтилишига кўра, 28-июлдан 9-августга қадар Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти дала ўқув майдони базасида бўлиб ўтган “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақасида Ўзбекистон разведкачилари Россия ва Хитойдан кейинги учинчи ўринни эгаллашган.

Танлов беш босқичда бўлиб ўтган: Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш, Механик-ҳайдовчилар мусобақаси, Разведкачи сўқмоғининг тўсиқларини енгиб ўтиш, Ўқ отиш ва Разведка бўлинмасининг вазифани бажаргандан сўнг йиғин пунктига чиқиши.

“Мусобақанинг барча босқичларида яхши натижаларга эришган ҳолда жамоамиз мусобақа совриндорлари сафидан ўрин олиш учун астойдил кураш олиб борди ва кўзлаган мақсадларига эришди. Ушбу кўрсаткичларга ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, билим ва кўникмаларининг юксак даражада эканлиги, шунингдек, жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик, ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ туфайли эришилди”, — дейди ўзбекистонлик разведкачилар жамоаси раҳбари полковник Шуҳрат Икрамов.

Мусобақада Россия Федерацияси, Белорус Республикаси, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой, Зимбабве ва Суданнинг қўшин разведкачилари жамоалари ўзаро беллашди. Филиппин ва Ҳиндистон вакиллари эса кузатувчи сифатида иштирок этишди.

9-август куни Новосибирск шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросимида мусобақа ташкилотчилари томонидан ғолиб жамоаларга тегишли диплом, медал, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

11-август куни эса Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ вакиллари иштирокида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мусобақа иштирокчилари тантанали равишда кутиб олинди.

Изоҳ билдириш