15892

Ўзбекистон Олий судига ҳужум уюштирилгани ростми?

Ўзбекистон 22 август 12:14 736

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов 19 август куни номаълум манбаалар томонидан тарқатилган ёлғон хабарга нисбатан ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақида Ўзбекистон Олий суди Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 16-17 август кунлари интернет тармоғида Ўзбекистон Олий суди биносига шу йилнинг 15 август куни ҳужум уюштирилгани ва бино босиб олингани ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилган. “Фуқароларнинг кучли қичқириғи”, “ёпиқ дарвозаларнинг йиқитилиши”, “бузилган қулфлар”, “300-400 киши” ҳақидаги уйдирмалар аниқ маълумотни билмай туриб тарқатилган эди, деб ёзади Олий суд Матбуот хизмати.

Аслида, 2017 йилнинг 15 август куни соат 9.30 дан 21.00 га қадар Олий суд раиси томонидан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий масалалар бўйича юз нафардан ортиқ фуқаролар қабули ташкил этилган эди.

Бундан ташқари фуқаролардан турли масалаларда 27 та ёзма ҳамда 72 та оғзаки мурожаат келиб тушган.

Олий суд дарвозаси олдида кутиб турган бир неча фуқаролар ички ишлар ва суд ходимларини чалғитган ҳолда дарвозани очишган ва навбатсиз қабулга кириш учун суд биносига кирганлар.

Улар бинога киришда қабул тартиби билан таништирилган бўлиб, уларнинг розилиги билан Суд раисидан ташқари ўринбосарлар ва Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган.

16 август куни эса Олий суд томонидан соат 9.30 дан 17.30 га қадар 60 нафар фуқаро қабул қилинган.

Олий суд биносига эса ҳеч қандай ҳужум уюштирилмаган.

Маълумот учун, Олий суд раиси томонидан ҳар куни фуқаролар қабул қилинади.

Изоҳ билдириш