45869

Қурбон Ҳайитида дам олиш кунлари энди қандай бўлади?

Ўзбекистон 14 август 16:17 3 542

Агар Қурбон Ҳайити байрами ҳақиқатдан 21 август сифатида Президент қарори билан расман эълон қилинса, унда байрам арафасидаги дам олиш кунларида тушунарсиз ҳолат вужудга келади.

Чунки 2017 йил декабрда Ҳукумат Қурбон ҳайитини тахминан 22 август (чоршанба) сифатида мўлжаллаб, шанба ва якшанба (25-26) кунги дам олиш кунлари пайшанба-жума (23-24) кунларига кўчирган эди. Натижада шанба-якшанба барча учун иш куни бўлганди.

Бироқ ҳозирги ҳолатда 21 август Қурбон Ҳайити бўлса, унда Ҳайит байрами кетма-кет дам олиш кунларига уланмайдиган бўлиб қолади. Қурбон Ҳайитидан 1 кун олдин ҳам иш куни, 1 кун кейин ҳам иш куни.

Энди нима бўлади?

Дам олиш кунларига бағишланган мақоламда худди шу вазиятни тахмин қилган эдим. Шахсий фикримча, бундай вазиятда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Қурбон Ҳайитининг биринчи кунини белгилаш тўғрисидаги Президент Қарорида айни бир пайтда дам олиш кунларини кўчириш масаласи ҳам назарда тутилса керак, яъни 24 август (жума)га кўчирилган дам олиш куни мос равишда 22 август (чоршанба)га кўчирилиши мумкин.

Тўғри, гарчи бундай вазиятда Ҳайит муносабати билан 5 кунликлар учун кетма-кет уч кунлик дам олиш пайдо бўлади (21-22-23 август), бироқ бу унча маъқул вариант эмас. Сабаби келгуси ҳафтада бутун ўзбекистонликлар 7 кун (24-30 август) кетма-кет ишлашига тўғри келиб қолади.

Ўта шахсий фикримча, ҳозирги тушунарсиз ҳолатдан чиқишнинг осон ва қулай йўли, 26 август якшанбадаги дам олиш кунини орқасига қайтариб, 18 ёки 25 август шанбадаги дам олиш кунидан биттасини 20 август душанбага кўчириш керак. Шунда 5 кунликлар 19-20-21 августда уч кун кетма-кет дам олади. Барибир 6 кунликларни кетма-кет уч кун дам олдириш имкони йўқ, буни яхши биламиз. Шундай экан, 6 кунликларнинг дам олиш кунларини ўзгартирмасдан, фақат шанба кунини кўчириш орқали тушунарсиз ҳолатни ечиш мумкин.

Аммо бу таклифни бир камчилик томони дам олиш кунлари Ҳайитнинг 3 кунига тўғри келмай қолади. Ҳайитнинг 3 кунига дам олиш кунлари тўғри келиши учун, ўша юқорида айтганимдай жума кунидаги дам олишни чоршанбага кўчириш ва кейинги ҳафта 7 кун кетма-кет ишлаш варианти. Ёки яна битта вариант бор: якшанбани ўз ўрнига қайтариб, 18 август шанба куниги дам олишни 22 август чоршанбага кўчириш. Шунда 21-22-23 август кунлари, яъни Ҳайитнинг дастлабки 3 куни 5 кунликлар учун дам олиш бўлади.

Яна ҳам бу менинг шахсий фикрларим холос. Аниқ ва расмий қарорни Президент чиқаради. Кутамиз…, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Қуйида Ҳайит куни арафасидаги дам олиш кунларининг ҳозирги ҳолати акс этган календарни кўришингиз мумкин. Лекин бунинг ўзгариш эҳтимоли жуда юқори.

Изоҳ билдириш