45019

Тўйдан олдин томоша кўрсатманг…

Ўзбекистон 20 июль 18:12 3 367

Маълумки, фҳдё бўлимлари ходимлари туғилиш, никоҳ каби ҳаётнинг энг азиз ва қутлуғ кунларига гувоҳ бўлиши билан бирга ўлим ҳолатини қайд этиш, никоҳни бекор қилиш каби қайғули ва ташвишли ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлишини яхши биламиз. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этилаётган ҳар бир ҳолат ортида инсон, унинг тақдири бор. Никоҳни қайд этиш ёки фарзанд дунёга келганда унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш қувончли ва бахтиёр лаҳзалардир. Аммо яқин кишисини йўқотиш, айниқса бегуноҳ болаларни тирик туриб ота ёки она меҳридан жудо бўлишга маҳкум қиладиган никоҳдан ажралиш қоғозининг оғир юки ҳар қандай киши қалбини изтиробга солиши аниқ.

Тўғри, ажралиш сўнгги бекат эмас… Афсуски, буни жуда кўплаб оилани муқаддас эмас, ўйинчоқ, деб ўйлаётган ёшлар тушуниши қийин бўлаяпти. Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлимида 2018 йилнинг 1-чорагида 65 та никоҳ бекор қилинган. Бу кўрсаткични ўтган 2017 йилнинг даври билан солиштирадиган бўлсак, 80 та никоҳ бекор қилинган бўлиб, ажрим 15 тага камайган. Шундан ўтган йили ФҲДЁ орқали 12 та, жорий йилда 6 та никоҳни бекор қилиш ҳолати қайд этилган. йилдан-йилга ажримни камайтириш чоралари кўрилмоқда. Ота-боболаримиз “Қушнинг ҳам уяси бузилмасин!”, деб бекорга таъкидламаган. Судлар орқали бекор қилинган никоҳлар ортида қанча-қанча вояга етмаган ўғил-қиз­ларнинг тақдири, меҳрга зор ўксик кўнгиллар борлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бунинг сабабини айрим ёшлар ҳаётнинг од­дий синовларидан ўтолмаслиги ва ён-атрофдагиларнинг, айниқса, маҳалланинг эътиборсизлигида кўриш мумкин. Чунки ФҲДЁ бўлимига ариза билан муро­жа­ат­ қилаётган шахсларнинг никоҳларини бекор қилишдан аввал уларни яраштириш чоралари кўрилиши учун маҳалла қошида ташкил этилган яраштирув комиссияларига йўналтирилиш механизми яратилган.

Афсуски, ушбу комиссияларнинг фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Аксарият маҳаллаларда ўтган йили яраштирув комиссиялари номига ишлаганлиги оқибатида шаҳримиздаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинига йўналтирилган фуқаролар эр-хотин Э. ҳамда Г.ларни яраштириш ўрнига яраштирув комиссияси номидан маҳалла раиси, посбони ва маслаҳатчиси шунчаки далолатнома тузишиб, унда фуқаронинг никоҳини бекор қилишга тўсқинлик қилувчи ҳеч қанақа сабаб йўқлиги баён қилинган.

Ёки “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини яраштирув комиссияси масъулларининг ишга совуққонлиги туфайли М.Қодиров ва О.Пардаеваларнинг оилавий муаммолари ушбу маҳалла раиси томонидан комиссия иштирокисиз бир ёқлама ўрганилиб, маълумот берилган холос.

Энг ачинарлиси, никоҳлари қонуний қайд этилиб, ҳали тўйи бўлиб улгурмаган фуқароларнинг никоҳлари бекор қилинаётганлиги ҳолати ҳисобланиб, бундай никоҳ бекор қилишлар 2017 йилнинг ўзида 7 тани ташкил этди. Бу ҳали бошланмаган никоҳнинг тугатилиши ҳисобланиб, ўзбек менталитетига хос бўлмаган ҳолатдир. Бундай ажримларнинг сабаблари ўрганилганда, келин-куёв бўлмишларнинг ҳали оила, деб аталмиш муқаддас гўшага нисбатан муносабатлари жиддий эмаслиги, чиройли кийимлар кийиш учун турмушга чиқаётган қизларнинг эркаликлари, қуда-андаларнинг бемаъни тортишувлари сабаб бўлмоқда. Масалан, 22 сентябрда тўй куни белгиланиб, 21 августда никоҳлари қайд этилган А. ва Б. исмли шахсларнинг никоҳлари тўйгача бекор бўлишига куёв бўлмишнинг оналари келин томоннинг куёвга қилган сарполари туркия маҳсулотлари эмаслиги учун тўйни бекор қилганликлари молпарастлик ва оилага нисбатан ҳурматсизликни кўрсатиб турибди. Худди шундай ҳолат шаҳардаги “Ватан” маҳалласининг ўзида 3 тани ташкил этганлиги бу масалага маҳалла институтининг жиддий эътиборини қаратишни тақозо этмоқда.

Дилобар ПАРДАЕВА,

Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси

Изоҳ билдириш