454

Туркманистон Ўзбекистонга Қора денгизга чиқишни таклиф этди

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Гурбангули Бердимуҳамедов матбуот қаршисида чиқиш қилиб, бугунги учрашув икки давлат муносабатларида янги саҳифа очганлиги тўғрисида «Туркменистан: золотой век» давлат ахборот агентлиги  маълум килди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келгани учун миннатдорлик билдириб, бу тарихий воқеа мамлакатларимиз ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар ҳолати муҳокама қилиниб, халқаро масалалар бўйича фикрлар алмашилган. Давлат раҳбарлари музокаралар якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар бўйича бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолашган.

Икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги мақсад ва ёндашувлари муштараклиги, томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.

Ташқи сиёсат

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилинмоқда.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти билан учрашув икки давлатнинг турли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаганига ишонч билдирди.

Туркманистон раҳбари қайд этишича, музокаралар вақтида алоҳида эътибор минтақа хавфсизлиги масалаларига қаратилди. У икки мамлакатнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштараклигини тасдиқлади.

Томонлар терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишган ҳамда халқаро терроризмга қарши кураш, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши каби долзарб муаммолар бўйича халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.

«Алоҳида эътибор эса Марказий Осиё ҳудудида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласига қаратилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик бу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлмоқда. Бу ўринда позициялар аниқ: икки мамлакат ҳам Марказий Осиёнинг тинч ва барқарор ривожланиши учун мустаҳкам ва самарали механизм яратилишини истайди», деган туркманистонликлар раҳбари.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов икки мамлакат ҳам Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасида умумий фикрдалигини, яъни муаммони фақат тинч ва сиёсий йўл билан, умуммиллий мулоқот воситасида ҳал этиш мумкин деган фикрда эканини қайд этган. Давлат раҳбарлари Афғонистонда БМТнинг тинчликпарвар кучлари янада фаолроқ ва кенгроқ ҳаракатланиши лозимлигини таъкидлашган.

Бердимуҳамедов Туркманистон ва Ўзбекистон Афғонистон ҳукуматини халқаро ҳамжамият муҳим соҳаларда, хусусан, энергетика ва транспорт соҳаларида қўллаб-қувватлашни сусайтирмаслик кераклиги тарафдори эканига урғу қаратган.

Ўзаро ҳамкорлик соҳалари

Туркманистон раҳбари бу икки давлат тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларидан ташқари бошқа бир қатор соҳаларда, жумладан, энергетика хавфсизлиги, халқаро транспорт-транзит алоқалари, экология ва атроф-муҳитни асраш масалаларида ҳам мувофиқликда ҳаракат қилади.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттиришган. Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилган. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, уни кенгайтириш учун иқтисодиёт тармоқларидаги имкониятларни яна бир бор таҳлил этиш зарурлиги таъкидланган.

Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Ҳукуматлараро тадбирлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувлар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2016 йилнинг сентябрь ва шу йил январь ойларида Тошкентда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишлари бўлиб ўтганди.

Халқаро транспорт ва транзит йўлаги

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланиши эътироф этилган. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.

«Транспорт соҳасида кучли ва замонавий инфратузилма яратиш бўйича ҳамкорлик давом эттирилади. Бу ҳамкорлик Марказий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ транспорт тизимларини бирлаштиради», дейди Бердимуҳамедов. У Туркманистон Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи-Жанубий Кавказ йўналишида транспорт йўлаги ташкил қилиш орқали, Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа мамлакатларнинг Қора денгиздаги портларига чиқиш имкониятини ҳам ўз ичига олишини айтиб ўтган.

У 2011 йил 25 апрелда имзоланган Эрон Ислом Республикаси, Уммон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги битим (Ашхобод битими) фаоллаштирилиши бўйича келишувга эришилганини қайд этган. Ушбу битим Марказий Осиё мамлакатлари, Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари ўртасида товарларни узлуксиз ташиш ва транзит учун ишончли транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган.

Давлат раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида очиладиган Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган томонлар бу соҳада умумий фикрга келган. «Икки давлатнинг мавжуд саноат ва инфратузилмавий салоҳиятлари бу жараёнда катта рол ўйнайди», деган Туркманистон раҳбари.

Туркманистон президенти агросаноат соҳасини икки давлат кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келаётган муҳим йўналиш сифатида баҳолаган ва Ўзбекистон томонида қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб келаётгани учун миннатдорчилик билдирган.

«Кейинги йилларда Ўзбекистондаги заводларда ишлаб чиқарилаётган автомобиль ва техникалар харидоргир бўлмоқда. Ўзбекистондаги корхоналар кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам улкан тажрибага эга. Бунинг эвазига икки томонлама товар айланмасини сезиларли даражада ўстириш имконияти мавжуд», деган туркманистонликлар раҳбари.

Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик икки мамлакат учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.

Музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.

Трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик

Туркманистон раҳбари учрашув чоғида гуманитар соҳада ҳамкорликни давом эттириш хусусида ҳам келишувга эришилганини қайд этган.

«Икки давлат – битта тарих, битта маданият, бир хил анъана ва одатлар», деган Бердимуҳамедов. У икки биродар халқ бундан кейин ҳам дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда давом этишига ишонч билдирган.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Аждодларнинг илмий-ижодий мероси халқларнинг умумий мулкига айланган. Бу яқинлик маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари, спортчилари Ўзбекистон ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этмоқда. 2016 йил сентябрда Туркманистонда ўзбек киноси кунлари, ноябрда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилди.

Мамлакатлар сайёҳлик соҳасида ҳам улкан имкониятларга эга. “Буюк ипак йўли” лойиҳаси доирасида ўзаро боғланган саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам юксалмоқда. Икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва бошқа соҳаларда биргаликда изланишлар олиб бормоқда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Туркманистон президенти Ўзбекистон – стратегик муҳим ҳамкор эканини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорлик тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ошкоралик ва ишонч асосида мустаҳкамланишини қайд этиб ўтган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда президентлар ушбу ташриф икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп тармоқли ҳамкорлик икки давлат халқларининг туб манфаатларини ифода этиши, бу ҳамкорлик минтақавий ва халқаро жараёнларга ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирган.

Ўзбекистон президенти делегация аъзоларига миннатдорчилик билдирар экан, Туркманистон президенти музокаралар якунидан мамнун эканини билдирган ва Ўзбекистон халқига энг яхши тилакларини билдирган.

Изоҳ билдириш