47791

Тошкентдаги 197-боғчада олиб борилган текширув натижалари

Ўзбекистон 20 сентябрь 13:50 1 040

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 197-мактабгача таълим муассасасида текшириш олиб борди. Натижаларни ўз расмий сайтида эълон қилди.

Маълум бўлишича, ушбу боғча мудирасининг ўзини методист деб таништирган, муқаддам судланган онаси муассасанинг пул оқимларини бошқариб келган.

Аудит ўтказилган куни таомномага мувофиқ, омбордан 56,2 кг гўшт ҳисобдан чиқарилган, аммо ошхонадан аввалдан қайнатиб қўйилган 8,98 кг гўшт топилган, холос. Кейинроқ аниқланишича, ҳар куни тарбияланувчилар учун мўлжалланган гўштнинг ярмини боғча мудирасининг онаси олиб кетган.

Бундан ташқари, 197-MTM тарбияланувчиларининг ота-оналари 2018 йилнинг январидан бошлаб амалдаги тариф бўйича 155 минг сўм эмас, балки 180 мингдан 280 минггача пул тўлаб келган. Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир бола учун қўшимча егуликлар ва фонд учун 25 мингдан тўланган. Ноқонуний тўловлар кассага тушмаган.

Текширув куни аудиторлар 197-MTMга йўлланмасиз келиб-кетадиган 12 нафар болани аниқлади. Уларнинг ота-оналари тўловни нақд шаклда берган.

Шунингдек, бир неча тарбиячилар, ҳамшира ва фаррош лавозимларига расмийлаштирилган шахслар аслида ушбу муассасада ишламаслиги аниқланди. Ассоссиз ҳисобланган иш ҳақида 2015—2018 йилларда 61 миллион сўмни ташкил қилган.

Текширувдан кейин 197-MTM мудираси ўз лавозимидан четлатилди. Аммо телефон орқали таҳдидлар тинмаётганлиги сабабли муассасада янги мудиралар ишлай олмаяпти. Айни пайтгача мудира вазифасини бажарувчи лавозимидан уч киши бош тортишга улгурган.

Аудит ҳужжатлари туман ва Бош прокуратурага берилади.

Изоҳ билдириш