50612

Тошкентда мактаб ўқувчилари деярли 24 минг АҚШ долларини ўғирлашди

Ўзбекистон Бугун 11:21 1

261-сонли мактабнинг икки нафар 11-синф ўқувчиси ва коллеж талабаcи 22 минг АҚШ доллари ва 15 млн. сўм ўғирлашди.

Бу ҳақидаги лавҳани Sevimli телеканалининг Zamon кўрсатуви тайёрлади. Олмазор туманида жойлашган 261-сонли умумтаълим мактабининг икки нафар 11-синф ўқувчиси Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида таҳсил олувчи дўсти билан катта миқдордаги пулларни ўғирлаб, кўнгилхушликка сарфлаб юборишган.

Жиноятни содир этишга келишган ёшлар, уларнинг бирининг яқин қариндоши бўлган аёлнинг уйига ўғирликка тушишган. Ўқувчилар жабрланувчининг уйига кириб, аёл уй олиш учун тўплаган 22 минг АҚШ доллари ва 15 миллион сўм миқдоридаги пулларини ўғирлашган.

Улар ўғирланган пулларни шаҳарнинг машҳур ресторанларига бориш, iPhone 6 русумли 3та телефон сотиб олишга ва савдо-кўнгилочар марказидан кийим харид қилишга сарфлашган.

Қайд этиш жоиз, ўқувчиларнинг бири ўғирланган пулларга отасига ВАЗ 2111 русумли автомобиль ва зоттор ит сотиб олган.

Пул тугагандан сўнг улар навбатдаги ўғирликни содир этишга келишишган. Ўқувчилар қўшнисининг уйига кириб, ноутбук, техника буюмларини ва қимматбаҳо атирларни ўғирлашган.

Қайд этиш жоиз, айбланувчиларнинг бирининг отаси ўғлининг қилмишини кўтаролмай, суд йиғилишидан кейин вафот этган.

Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судьяси Муса Юсупов айбланувчиларнинг ёшини, аввал судланмаганлигини ва зарар қопланганлигини ҳисобга олиб, уларни озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазодан озод қилган.

Изоҳ билдириш