36172

Тошкент шаҳар ИИББда махсус тергов мажмуаси очилди (фото)

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасида сўроқ жараёнини стенография усулида ёзиб олиш, видеокузатув, шунингдек, аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган махсус мажмуа очилди. Бу ҳақда ИИББ расмий сайтида хабар берилди.

Оператор хонаси ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчи бевосита сўроқ қилинадиган бошқа хона ўртасида Гезелл ойнаси ўрнатилган. Яна бир хона эса болалар ўйин майдончаси кўринишида жиҳозланган: бу ерда жиноятдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган вояга етмаганлар сўроқ қилинади.

Maxсус хоналарнинг ташкил этилиши фуқароларнинг, хусусан вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судга қадар иш юритувда ҳимоя қилишни кучайтиради, оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш самарадорлигини оширади. Гезелл ойнаси билан ўзаро боғланган махсус хоналар гумон қилинувчининг жабрланувчи ва гувоҳлар, жумладан, болалар билан тўғридан-тўғри алоқасини чегаралаган ҳолда сўроқ, шахсни таниш ва бошқа тергов ҳаракатларини олиб боришга имкон яратади. Бу эса жиноят процессининг вояга етмаган иштирокчиларини қайтадан руҳан жароҳатламасликда муҳимдир, дейилади хабарда.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.


Таъкидланишича, бу каби махсус хоналар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, тергов қилиш жараёнида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда далиллар мақбуллиги талабларига оғишмай ва қатъий риоя қилиш, шунингдек жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга хизмат қилади.

Изоҳ билдириш