45683

Тошкент шаҳар ИИББ “Fergana.ru”нинг уйдирмаларига раддия берди

Ўзбекистон 10 август 22:19 892

“Фергана.ру“ сайтида нашр қилинган маълумотга кўра, Р.Очиловага нисбатан гўёки ноқонуний тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани кўрсатиб ўтилган.

Гап шундаки, олий педагог маълумотига эга бўлган 55 ёшли Р.Очилова ўзи раҳбарлик қилиб келаётган “БИО-ФАРМ ҲАКИМ” МЧЖ номидан “ГООДС WОРК ГРОУП” МЧЖ ўртасида қуритиш ускуналарини етказиб беришга оид 65 миллион сўмлик қалбаки шартномани имзолаган. Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан “БИО-ФАРМ ҲАКИМ” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2 ва 3 қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинги тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.

Дастлабки тергов давомида Р.Очилова ҳужжатларни қалбакилаштиришдан ташқари, фирибгарлик йўли билан фуқаролар К.Баҳодир, Д.Илҳом ва Т.Шерзоднинг катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб олгани маълум бўлди. Жумладан, гумонланувчи Р.Очилова фуқаро К.Баҳодирга “БИО-ФАРМ ҲАКИМ” МЧЖ 25 фоизлик улушини ваъда қилиб, ундан 26.000 АҚШ доллари, Д.Илҳомга ХХР ва Тайван давлатидан БАҚ ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналарни олиб келиш учун 189.000 АҚШ доллари ва Т.Шерзодга биргаликда БАҚни ишлаб чиқаришни ваъда қилиб 252 миллион 800 минг сўм миқдордаги пул маблағларини олган, бироқ ваъдасини бажармаган.

Шу йилнинг 25 июн куни ушбу жиноят иши бўйича Р.Очилова гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Просессуал Кодексининг 227-моддаси тартибида терговчининг қарорига асосан ушланган.

27 июнда эса Р.Очиловага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-модда 3-қисми “а” банди, 168-модда 2-қисми “а,в” бандлари, 228-модда 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-модда 3-қисми билан айблов эълон қилинган.

Р.Очиловага нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш юзасидан суд жараёни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида, раислик этувчи С.Бурхонов, судя ёрдамчиси И.Муҳидов, туман прокурори ёрдамчиси Ж.Усманов ва айбланувчининг ҳимоячиси И.Собиржонов (“Жус Ясин” адвокатлик бюроси ) иштирокида бўлиб ўтган.

Бундан ташқари, тергов органида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “БИО-ФАРМ ҲАКИМ” МЧЖга овқатга биологик фаол қўшимчаси ишлаб чиқариш учун 2011 йил 12 май куни берилган сертификатнинг 2014 йил 22 март кунида амал қилиш муддати тугагани ҳақидаги хулосаси ҳам мавжуд.

Изоҳ билдириш