36653

Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари энди тарихда қолади

Тиббиёт | Ўзбекистон 21 апрель 14:39 320

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ижтимоий соҳа, хусусан, тиббиёт ходимларини дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига жалб этишни бартараф этиш ва тақиқлаш бўйича берилган топшириқлар ижросига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

 
Йиғилишда ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга чек қўйиш борасида қатор вазифалар белгиланди.

«Жумладан, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббиёт ходимларини қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга олиш бўйича шифохоналар кесимида доимий ишловчи комиссиялар ташкил қилиш белгиланди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Видеоселектордан сўнг соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилишининг ачинарли оқибатлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Президентимиз ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатга жалб этиш, кўзбўямачилик билан шуғулланишни давлат раҳбарининг сиёсатига хиёнат дея баҳолади. Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бу алоҳида таъкидланди.

Илгари шифокору ҳамширани турли жамоат ишларига олиб чиқишга йўл қўйилгандир, лекин бугун замон ўзгарди, ёндашув ўзгарди. Тиббиёт ходимини мажбурий меҳнатга жалб этиш энди тарихда қолади.

Соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғиндаги раҳбарлари шуни англаши лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати мажбурий меҳнат деган иллатни таг-туги билан йўқотишга, халқ манфаатини бирламчи ўринга қўйишга қаратилган.

Тизимда фаолият юритаётган ҳеч бир ходим энди мажбурий меҳнатга жалб этилмайди. Кўзбўямачилик, бир-биримизни алдаш билан бугун ўтиши мумкиндир, лекин бу билан келажакни қура олмаймиз, деди Алишер Шодмонов.
 

Изоҳ билдириш