39278

Темирйўлчи Жасур Неъматов жаҳон чемпиони!

Ўзбекистон 18 май 14:55 683

Бугун темирйўлчилар орасида спорт билан мунтазам шуғулланиб, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёшлар кўплаб учрайди. Айни пайтда “Сергели” стантсиясида фаолият юритаётган Жасур Неъматов ҳам ана шундай ёшлардан. У яқинда Таиландда спортнинг муайтай тури бўйича ўтказилган профессионаллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақида Аsr.Uz`нинг «O’zbekiston Temir Yo’llari»даги манбаси хабар берди.

2008 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган муайтай бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритди. Бу унинг илк ғалабаси эди. Кейинчалик Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган очиқ чемпионатда биринчи ўринни эгаллади. Спортнинг комбат-айкидо турида “Ўзбекистон кубоги” ғолиби, Жиу-житсу тури бўйича ўз вазнида Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Халқаро майдонларда ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, улкан зафарларга эришди. Хусусан, 2016 йилда Бразилия ва Япония “Жиу-житсу” бирлашган федерацияларининг юртимизда ташкил этилган “Жиу-житсу” универсал жанг бўйича очиқ чемпионатида ўз вазн тоифасида биринчи ўринга лойиқ топилди. Россияда халқаро ҳаваскор универсал жангчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида учинчи ўрин соҳибига айланди. Жасур Неъматов “Сергели” стантсиясининг бош кондуктори. Жамоада ҳурмати баланд. Қолаверса, бир неча хорижий тилларни чуқур ўзлаштирган, комп`ютер технологиялари бўйича ҳам юқори малакага эга.

Жасур 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Универсал жанг бўйича спорт устаси” , 2015 йилда эса “Комбат-айкидо спорт тури бўйича спорт устаси” унвони билан тақдирланди. Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзоси ҳисобланади.

Изоҳ билдириш