35140

Таиландда Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳақида журнал чоп этилди

Долзарб | Ўзбекистон 4 апрель 11:00 176

Таиландда Ўзбекистонинг бугунги тараққиётига бағишланган журнал нашр этилди. Таиландда “Berita Muslim Life” журналининг Ўзбекистон, унинг тарихи, замонавий тараққиёти, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган улкан ислоҳотларга бағишланган махсус сони нашрдан чиқарилди, деб хабар қилди “Жаҳон” АА

Нашр инглиз ва тай тилларида бўлиб, ўзбек халқининг бой тарихий-маданий ва илмий мероси, мамлакат салоҳиятини ўзида ифодалаган ранг-баранг ва қизиқарли фотосуратлар билан ҳам безатилган.

Туркум мақолаларда Ўзбекистон раҳбари Испаниянинг етакчи таҳлилий марказларидан бири — Барселона халқаро муносабатлар маркази (CIDOB) томонидан халқаро вазиятга ўз таъсирини кўрсатган машҳур 40 нафар инсон рўйхатига икки бор (2016 ва 2017 йилларда) киритилгани таъкидланган.

“Бугун Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “алоҳида баҳор”ни кечирмоқда. У ўз фаолиятининг биринчи куни давомидаёқ барча прогноз ва қолипларни синдиргани ҳолда мамлакатни очиқлик сари етаклаш жараёнининг ташаббускори бўлди. Бу жараённи ўзбек халқи аллақачон жиддий ҳис этмоқда. Ўнлаб сиёсий маҳбуслар озод қилинди, қарийб уч минг киши афв этилди, минглаб одамлар махсус хизматларнинг “қора рўйхати”дан ўчирилди, матбуот илгари тақиқланган мавзуларни кўтариб чиқа бошлади. Бундай чора-тадбирлар қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш бўйича дипломатик ташаббуслар билан биргаликда мамлакат ичкарисида ва унинг ташқарисида ҳам кўпчилик кутмаган некбинликни уйғотгани ҳолда Ўзбекистонда янги муҳитни яратди”, дея қайд этилади журналда.

Нашрда эълон қилинган материалларда мамлакатимиз кўҳна цивилизация юрти эканлиги, кўплаб шаҳарларимиз Буюк Ипак Йўлида жойлашгани, бугун республика Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистон билан чегарадош эканлиги айтиб ўтилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Ўзбекистон ва Таиланд пойтахтларини тўғридан-тўғри боғлаб турадиган рейслар билан биргаликда ҳафтасига беш марта даврийлик билан Суварнабхум ва Тошкент ўртасида қатновларни йўлга қўйгани қайд этилган. Бу диёримизга келаётган таиландлик туристлар ва ишбилармонлик доиралари вакиллари оқимини кўпайтиришга туртки берди.

Яна бир мақолада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида улкан салоҳият ҳамда фойдали тажрибага эга эканлиги эътироф этилган. Ҳозирги кунда республикада бир нечта эркин иқтисодий зоналар фаолият юритаётгани, улар иқтисодиётнинг турли секторларига хориж инвестицияси кириб келишига таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган.

Таиланд мусулмонлар тинчлик сиёсати маркази консультанти (маслаҳатчиси), ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири собиқ маслаҳатчиси ва Таиланд Қироллиги парламенти раиси Наронги Вонгсумитра билдирган фикрига кўра, бундан чорак аср олдин мустақилликка эришган Ўзбекистон барча йўналишларда жадал равнақ топаяпти.

“Менга ушбу давлатга ташриф буюриш насиб этган. У ерда одамлар самимий, шаҳарлари тоза ва сўлим. Барча жойда мамлакатнинг бой тарихидан дарак берувчи кўплаб меъморчилик ёдгорликларига кўзингиз тушади. Қолаверса, деярли ҳар бир хонадонда унутилмас таъмга эга сархил мева ва сабзавотлар етиштириладиган ўз боғи ҳамда томорқаси бор”, — дейди у.

Журналда, шунингдек, Тошкентда яқин кунлар ичида “Тумтим” номли тайча ресторан очилиши, бу ерда миллий ошхонанинг анъанавий таомлари тайёрланиши ҳақида ёзилган. Меҳмонлар тайча пазандаликнинг ўзига хослиги ва бойлигини муносиб баҳолашади.

Қисқаси, “Berita Muslim Life”нинг махсус сони Таиланддаги кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар билан танишиб чиқиши баробарида мамлакатимизни маърифий ва зиёрат туризмининг янги йўналиши сифатида ўзлари учун кашф этиш имкониятини яратиб берди.

Изоҳ билдириш