29931

Тошкентда сохта ЙҲХБ ходими қўлга олинди

Ўзбекистон 22 январь 8:39 1 317

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан сохта ЙҲХБ ходими аниқланди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар бермоқда.

20 январь куни соат тахминан 14:30 ларда Сергели туманида жойлашган «Сергели» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимларига бир шахс мурожаат қилиб, Бинокор кўчасидаги автомобиль йўлида автомашина ҳайдовчиларини тўхтатиб, уларнинг ҳужжатларини текшираётган ЙҲХБ ходими унда шубҳа уйғотганини маълум қилди.

Хабар асосида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари кўрсатилган жойга борди ва ҳақиқатан Рузматов Азизбек Аширалиевич ички ишлар органи ходимларининг хизмат кийимида гўёки ЙҲХБ ходими сифатида автоуловларни тўхтатиш билан шуғулланаётганини аниқлади.

А.А. Рузматов текширилган вақтда у аслида ЙҲХБ ходими эмаслиги маълум бўлди ва ундан жезл, радиоалоқа воситаси, ҳуштак, ЙҲХБ ходимининг қалбаки кўкрак нишони ва қалбаки маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштириб олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

 

Изоҳ билдириш