6689

Сирдарёдаги бўш ётган бинолар 113.7 миллиардлик лойиҳалар учун ишлатилади

Ўзбекистон 18 май 11:27 350
Президент Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрига ташрифи чоғида хусусийлаштирилган, аммо бугун бўш турган корхона ва объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш борасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида хусусий мулкнинг ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.

Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмдан ортиқ миқдоридаги 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади.

Гулистон шаҳридаги собиқ “Восток ЛТД” корхонасининг бўш турган биносида “Record Тextil” МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида “Бобур” МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида “Файз” МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.

Вилоятда фойдаланилмаётган давлат объектлари 75 тани ташкил этади. Уларнинг 34 тасини “ноль” харид қийматида сотиш, яроқсиз бўлгани сабабли 2 тасини бузиш ва бўшаган ер майдонини тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш