6683

Сирдарёда мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилади

Ўзбекистон 18 май 11:14 440

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, мамлакат раҳбари куни кеча вилоятга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этила бошланган эди. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.

Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилади ҳамда унинг атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси» унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 150 иш ўрни яратилади. Мажмуа «Ипотека-банк» билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Сирдарё балиқ саноат» корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади. Сардоба мева-сабзавотлар логистика маркази ҳам кўп тармоқли бўлади. Бу ерда мева-сабзавотлар етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, музлатиш, сақлаш, қуритиш ва етказиб бериш ташкил этилади. Корхонада 220 киши иш билан таъминланади.

Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамолларни кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. 100 иш ўрни яратилади. Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3 минг 500 тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. 25 кишининг бандлиги таъминланади. Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида шу йўналишда корхона ташкил этиш мўлжалланган. 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхонада 25 иш ўрни яратилади.

2017-2018 йилларда вилоятда енгил саноат соҳасини ривожлантириш бўйича манзилли дастурда болалар спорт кийимлари, трикотаж ва момиқ матолар, тайёр газлама, ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Корхоналар 72 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Вилоятда ташкил этилаётган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари корхоналарида ишлаб чиқариладиган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босади. Гулистонда шаҳарга олиб борадиган йўл ўтказгич реконструкция қилинмоқда. Тошкент кўчаси кенгайтирилиб, атрофида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ва Мустақиллик кўчалари оралиғида маданий марказ барпо этилади. Хотира майдони, замонавий амфитеатр, вилоят театрининг янгиланган биноси, китоб дўкони бу ердаги маъмурий бинолар билан ҳамоҳанглик касб этади. Шавкат Мирзиёев китоб дўкони олдида сўлим хиёбон барпо этиб, Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра, мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмликдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмликдан ортиқ 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади.

Гулистон шаҳридаги собиқ «Восток ЛТД» корхонасининг бўш турган биносида «Record Тextil» МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида «Бобур» МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида «Файз» МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Давлат раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган «Янгиер» кичик саноат зонасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион доллар бўлган 125 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Бунинг самарасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Саноат зонаси учун 537 гектардан зиёд ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Собиқ «Янгиерйўлиндустрия» унитар корхонаси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиб, унинг негизида Янгиер темир-бетон ва металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилмоқда. Мазкур заводда йилига 83 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари, 5,5 минг тонна металл конструкциялари ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа учун 80 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилади. Бу 1 минг 250 иш ўрни яратиш имконини беради.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси томонидан 2017-2018 йилларда вилоятда мева-сабзавотчилик лойиҳалари, Сирдарё туманидаги «Сирдарё голден фрутс» масъулияти чекланган жамияти мева-сабзавотчилик логистика маркази, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида иссиқхоналар ташкил этиш, Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, «Гулистон агро груп» масъулияти чекланган жамияти томонидан гуручни қайта ишлаш, «Агро эко техноложи» масъулияти чекланган жамияти томонидан сабзавот ва дуккакли ўсимликлар етиштириш, унаби боғи ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш