48257

Сирдарё вилояти ҳокими далада пахта термоқда

Ўзбекистон 9 октябрь 17:21 1 180

2018 йил ҳосили учун Сирдарё вилоятида ҳам пахта хомашёси етиштирилган бўлиб, уни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга барча куч ва воситалар сафарбар этилган.

Бугунги кунда далаларда маҳаллий аҳоли, юртимизнинг турли вилоятларидан келган ҳашарчилар, пахта териш машиналари ҳосилни йиғиб-териб олиб, хирмонларни тўлдирмоқда. Ҳашарчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда ва уларни маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.

Бугун, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев пахта йиғим-терими мавсумида иштирок этаётган ҳашарчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона вилоятидан келган ҳашарчилар билан далада пахта термоқда.

Вилоят ҳокими ҳашарчилар билан суҳбатда бўлиб, илғор теримчиларга совғалар топширди.

Вилоятимизда сўнгги икки кунда об-ҳавонинг бироз ноқулай келиши пахта хомашёсини териб олишда қийинчиликлар туғдирди. Айни шу паллада вилоят ҳокими ташаббускорлик кўрсатиб, теримчилар ҳолидан хабар олиш ҳамда намуна бўлиш мақсадида пахта теримида иштирок этиб, пахтакорларнинг кўнглини кўтарди.

Вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Ғаниевичнинг бу ташаббусидан биз Сирдарёликлар хурсанд бўлиб, вилоятимиз аҳлини ҳамда ҳашарчиларни пахта далаларига чорлаб қоламиз.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати

Изоҳ билдириш