982

Шошилинч тиббий ёрдам сифати янада яхшиланади

Тиббиёт | Ўзбекистон 16 март 22:21 695

Ўзбекистон Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, деб қайта номланди ва Марказнинг асосий вазифалари белгиланди.

Хусусан, аҳолига бепул асосда малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларнинг профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш бўйича янги, самарали технологияларни яратиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишлар Марказнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилди. Бундан ташқари, Марказ шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишининг устувор йўналишларини шакллантириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва илғор технологияларни яратиш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб боришни, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими учун илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ҳам мувофиқлаштириб боради.

Фармонда таъкидланганидек, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилади. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади.

Эндиликда Марказнинг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинади.

Фармонга кўра, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилади.

Яна бир янгилик – шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга, юридик шахс мақомини сақлаган ҳолда, таркибий бўлинма сифатида Марказга берилиши кўзда тутилган.

Изоҳ билдириш