45918

Шерзод Шерматов: Мактаб ўқитувчиларининг ойлигини ошириш доим орқага ташлаб келинган

Ўзбекистон 15 август 10:28 411

Президентимиз томонидан халқ таълими тизими учун жуда катта эътибор қаратилиши натижасида соҳамиз вакилларига ўзига хос совға бўлди. Шу вақтгача мактаб ўқитувчиларининг ойлигини ошириш ҳақида фикр бўлганда уларнинг сони жуда кўп бўлгани сабабли доим орқага ташлаб келинган, шунинг учун ўқитувчилар ойлиги иқтисодиётдаги ўртача ойликлардан ортда қолган эди, деб ўз фикр мулохазаларини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ёзиб қолдирган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Кеча ушбу йўналишда Президентимизнинг алоҳида қарори қабул қилинди. Унга кўра ўқитувчиларнинг ойликлари икки босқичда ошириладиган бўлди. Масалан, Қарорга кўра олий тоифадаги юқори синф ўқитувчиларининг устамалар билан солиқлардан кейин қўлига тегадиган ойлиги 64 фоизга ортиши кутилаяпти.

Ушбу харажатлар учун келгуси йилда давлат бюджетидан 2,78 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилиши кутилмоқда. Ўтиш даврида бўлган бизнинг иқтисодиётимиз учун бу жуда катта маблағ бўлишига қарамай, Президентимиз ушбу маблағларни бошқа йўналишларга эмас, айнан инсон капиталига сармоя қилиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Ундан ташқари Қарорда яна қўшимча имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.

Қуйидаги видеолавҳада Қарор ҳақида батафсил ёритилган.


Яқин орада Xalq ta’limi vazirligi – Министерство народного образования бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланиб Раҳбариятга тақдим этилади.

PS. Йиллар давомида ушбу масалага иккинчи даражали эътибор бўлиб йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда ҳал этиш қийин, лекин Президентимиз томонидан айнан мактаб таълимини кучайтириш, ўқитувчининг жамиятдаги ролини ошириш энг устувор вазифалардан эканлиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Бугунги Инвестициялар бўйича видеоселекторда ҳам яна ушбу масалага тўхталиб ўтиб, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни ошириш ва иқтисодиётимизни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларимизнинг пировард мақсадларидан бири ҳам айнан таълимга сармоя қилишга қўшимча молиявий асосларни яратиш эканлигини таъкидлаб ўтдилар, дея қўшимча қилди Шерзод Шерматов.

Изоҳ билдириш