6673

Шерматов: Тошкент метросида интернет пайдо бўлишига террорчилар халал бермоқда

Ўзбекистон 18 май 10:27 513

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов пойтахт метросида уяли алоқа ва интернет йўлга қўйилиши борасида изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар сафар ушбу масала кўтарилиб, аниқ қадамлар ташланган вақтда жаҳонда террорчилик ҳаракатлари юз беради.

«Ва шу заҳоти фуқаролар хавфсизлиги масаласи ўртага чиқади, чунки портловчи қурилмалар масофадан туриб мобил телефон орқали ҳаракатга келтирилади. Лекин бу бизда метрода ҳеч қачон алоқа пайдо бўлмайди дегани эмас», — деган вазир.

У ушбу йўналишда метрополитен раҳбарияти билан музокаралар ўтказилаётганини таъкидлади. Шерматовнинг фикрича, бугунги кунда метрополитенда алоқа ва интернетнинг мавжуд бўлиши замон талаби ва эҳтиёжидир. «Ўзбектелеком» компанияси Тошкент метрополитени раҳбарияти билан бу лойиҳани муҳокама қилмоқда. Шерматов яқин вақтларда мазкур режалар амалга ошишига умид билдирди. Лекин бу борада аниқ муддатни айтмади.

Шерматов, шунингдек, мамлакатда жамоат транспортининг бошқа турлари ва умумий фойдаланишдаги жамоат жойлари, хусусан, парклар, хиёбонлар, йирик савдо мажмуалари ва дам олиш масканларини бепул wi-fi тармоқлари билан таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилаётганини қайд этди. Айни вақтда, унинг меъёрий-ҳуқуқий жиҳатлари ишлаб чиқилмоқда.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш