44641

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Ўзбекистон 13 июль 23:11 306

Бугун, 13 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

“Меҳмонларни ташрифи билан қизғин қутлар экан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасида ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганлигидан чуқур қониқиш ҳосил қилаётганини билдирди”, – дейилади хабарда.

Жорий йилда мазкур нуфузли халқаро молия институти раҳбарияти, хусусан май ойида Вашингтонда банк президенти Жим Ён Ким ва январь ойида Тошкентда бош бошқарувчи директор Кристалина Георгиева билан ўтказилган қатор самарали учрашувлар алоқаларни фаоллаштириш ва ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишга ҳамда Ўзбекистонда истиқболли лойиҳалар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширишга хизмат қилгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги портфели қиймати 4,4 миллиард долларлик имтиёзли молиялаштириш жалб этилган 39та амалга оширилган ва оширилаётган лойиҳаларни ўз ичига олади.

Айни пайтда 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури доирасида 20дан ортиқ янги лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида келгусидаги кўп режали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Инвестицион лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалиги, фуқаро авиацияси ва қайта тикланадиган энергетика соҳасида келгусида ҳам ҳамкорлик қилиш ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни олға суриш муҳим эканлиги таъкидланди.

Банкнинг олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда республика ва бутун минтақада изчил ривожланишни таъминлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги яна бир тасдиқланди.

Изоҳ билдириш