29020

Шавкат Мирзиёев Янгийўллик болакайнинг орзусини амалга оширди (фото)

Ўзбекистон 11 январ 14:53 2 071

Жорий йилнинг 5 январь куни Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрига сафар уюштирди. Унда Шавкат Миромонович «Файзли» маҳалласида истиқомат қилаётган ахоли билан учрашиб, турли хил масалаларда суҳбатлашди.

Суҳбатдошлардан бири, ёш болакай Комилжон Исмоилов Президентимиз билан мулоқотда орзуси «Бунёдкор» футбол мактаби тарбияланувчиси бўлиш эканлигини айтди. Шавкат Мирзиёевнинг болакайга «орзуинг амалга ошди деб ҳисоблайвер», дея ишонч билан таъкидлаши, ўсмир футболчига олам-олам қувонч улашди.

Шундан сўнг, «Бунёдкор» футбол клуби раҳбарияти Янгийўл шаҳри «Файзли» маҳалласида яшовчи Комилжон Исмоилов билан боғланиб, уни «Бунёдкор» футбол мактабига таклиф этди. Буюк футболчи бўлиш орзусидаги Комилжон «Бунёдкор» футбол клубига ташриф буюрди.

Президентимиз билан учрашув ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Янгийўлда 3-4 йилдан бери футбол билан шуғулланиб келаман. Ўзимни янги қирраларимни кашф этиш ва янада кучлироқ бўлиш истагида «Бунёдкор» академиясида таҳсил олиш орзуларимдан бири эди.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, менга шундай туҳфа ато қилдики, ҳозирда жуда бахтиёрман. Ўзим «Бунёдкор»нинг ашаддий ишқибозиман! Жамоа таркибидаги Рустамжон Ашурматов ва Акрамжон Комиловнинг ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораман.

Ўйлайманки, мен ҳам худди шу акаларим сингари яхши футболчи бўлиб, Ватаним байроғини кўкларга кўтаришга бор кучим, истеъдодим билан ҳаракат қиламан. Менга «Бунёдкор» футбол клуби раҳбарлари алоқага чиқишди ва жамоага таклиф этишди.

Бугундан «Бунёдкор» футбол мактабига қабул қилиндим. Энди бор этиборимни футбол сир-асрорларини ўрганишга қаратиб, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, – дейди янгийўллик 12 ёшли Комилжон Исмоилов.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш