6669

Шавкат Мирзиёев яна Туркманистонга боради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2017 йилнинг 19—20 май кунлари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлади. Бу ҳақида хукумат портали хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6—7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Туркманистон мулоқоти ва Туркманбоши шаҳридаги учрашув ва музокараларнинг давоми бўладиган ушбу ташрифда мамлакатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган ҳудудларидан келган бир гуруҳ болалар дам олаётган «Аваза» миллий сайёҳлик зонасига ҳам ташриф буюради.

Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли тижорат шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш