7797

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга доир яна бир қарорни имзолади

Ўзбекистон 29 май 9:01 346

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев республика қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида навбатдаги қарорни имзолади. Президент 2017 йил 22 май куни Корея Республикаси ҳукумат грантини жалб қилган ҳолда «Ўзбекистонда паст ҳароратли сақлаш камераларини жорий қилиш йўли билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги қарорини имзолади. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

«Ўзбекистонда паст ҳароратли сақлаш камераларини жорий қилиш йўли билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш чоралари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида:

1. Корея Республикаси ҳукуматининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Ўзбекистонда паст ҳароратли сақлаш камераларини жорий қилиш йўли билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа)ни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига 3,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратишни маъқуллагани маълумот учун қабул қилинсин:

махсус музлатгич қурилмалари, материаллар ва транспорт воситаларини етказиш, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида умумий сиғими 1000 тонна бўлган «Agroinnovatsiya» давлат унитар корхонасини совутгич камераларини қуриш ва фойдаланишга топшириш;

«Agroinnovatsiya» давлат унитар корхонаси томонидан янги мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашни ташкил этиш, шунингдек, совутгич камераларидан самарали фойдаланиш мақсадида Тошкент вилоятининг тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермерли хўжаликларига мева-сабзавотларни сақлаш хизматини кўрсатиш;

Ўзбекистондаги мутахассисларга илғор тажрибани ўзлаштириш, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ходимларини мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича замонавий технологик ускуналардан фойдаланиш ва улардан самарали фойдаланишни ўргатиш.

2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини лойиҳани амалга ошириш ҳамда лойиҳа доирасида барпо этилаётган совутгич камераларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш учун масъул орган сифатида белгилаш.

3. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:

Корея томони билан келишилган муддатда Корея Республикаси ҳукуматининг грантини олиш учун барча зарурий талабларни ўз вақтида бажариш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Корея Республикаси қишлоқларни ривожлантириш Корея корпорацияси билан 2016 йил 8 апрелдаги муҳокамалар Протоколига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш;

Лойиҳа доирасида Корея Республикаси гранти ҳисобига етказиб бериладиган маблағларнинг самарали ва мақсадли фойдаланишини ҳамда ускуналар ва материалларнинг сақланишини таъминлаш.

4. Озод этилсин:

Лойиҳа доирасида Корея Республикаси ҳукумати гранти ҳисобига олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)  ва транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари), қўшимча қиймат солиғи, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан;

Лойиҳа доирасида етказиб бериладиган транспорт воситалари ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан;

Корея Республикасининг лойиҳани Ўзбекистон Республикасида амалга оширишда иштирок этувчи фуқаролари жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғидан.

5. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Корея Республикаси ҳукумати гранти доирасида келтирилган товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси аэропортлар ва темир йўл станцияларида юкка хизмат кўрсатиш ва уни сақлаш учун тўловлар олмасдан юклаш ва тушириш, шунингдек сақлаш ишларини амалга оширишни таъминласинлар.

6. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сўрови бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга визаларни консуллик ва бошқа тўловларни олмасдан расмийлаштирсин

7. Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сўрови бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий фуқароларга кўпмарталик визаларини бериш ва узайтириш, уларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддатини узайтиришни давлат божларини олмасдан таъминлаш.

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. Мирзаевга юклансин.
Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.Мирзиёев

Изоҳ билдириш