47051

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди (фото)

Долзарб янгилик | Ўзбекистон 6 сентябрь 15:38 125

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Беларусь Республикаси, Малайзия ҳамда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Леонид Маринич, Хенди Ассан ва Язгул Маммедовдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари элчиларни мамлакатимизда фаолият бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ўз зиммасидаги шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда улкан муваффақиятлар тилади.

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай тарихий ўзгаришларнинг муҳим натижалари барча соҳалар қатори ташқи сиёсат соҳасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ ва ривожланаётган давлат ҳамда ишончли ҳамкор сифатидаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб, халқаро майдонда унинг янги, демократик қиёфаси намоён бўлмоқда.

Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш натижасида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди, ўзаро ишонч кучайди.  Давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт, энергетика, маданият ва бошқа соҳаларда алоқалар фаоллашди. Буларнинг барчаси хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, минтақани изчил ривожлантириш, унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, жаҳон иқтисодииётига кенг интеграция қилишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг жаҳондаги кўплаб мамлакатлар, жумладан, етакчи давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий-иқтисодий тузилмалар билан алоқалари янги, юқори даражага кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини бир ярим йил давомида 30 дан ортиқ олий даражадаги ташрифлар амалга оширилганида кўриш мумкин.

Президентимиз ўз нутқида янги элчилар вакили бўлган давлатлар Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкорлари ҳисобланишини таъкидлаб, улар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон ва Беларусь Республикасини ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган анъанавий дўстлик ришталари боғлаб келади. Биз Беларусь билан ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратмоқдамиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар юксак даражага кўтарилмоқда. Бу томонларнинг самарали ҳамкорлик борасидаги қатъий интилишини, минтақавий ва халқаро сиёсатга доир турли масалалар бўйича қараш ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқин эканини кўрсатади.

Жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми салкам 4 баробар ошди! Бундай натижалар илгари ҳеч қачон бўлмаган, дея таъкидлади Президент.

Машинасозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа турли соҳаларда истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, ишбилармон доиралар ва етакчи корхоналарнинг бизнес алоқалари мустаҳкамланмоқда.

Шу йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган Беларусь маданият ва кино кунлари маданий-гуманитар муносабатларимиз тарихидаги ёрқин воқеа бўлди. Август ойида эса Тошкент шаҳрида Беларусь халқ шоири Якуб Колас хотирасига ҳайкал ўрнатилиб, марказий кўчалардан бирига унинг номи берилди.

Аминманки, яқин кунларда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи давлатлараро муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очади, деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизда элчи бўлиб иш бошлаётган Леонид Маринич катта тажрибаси ва салоҳияти билан Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Малайзияни Осиё минтақасидаги ишончли ва истиқболли шериги, деб билади. Бу давлатнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмасидаги нуфузли ўрни ва ролини юқори баҳолайди.

Умумий ва муштарак маънавий қадриятлар билан боғланган мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро сиёсатнинг кўплаб долзарб масалалари бўйича ўзаро ўхшаш қараш ва ёндашувларга эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон Малайзия билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратмоқда. Савдо, инвестиция, инновация, энергетика, транспорт ва логистика, фармацевтика, тиббиёт соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Бу борада Ўзбекистон – Малайзия қўшма савдо қўмитаси фаолияти алоҳида аҳамиятга эгадир. Ҳозирги кунда туризм соҳаси, жумладан, зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан истиқболли йўналишлар очилмоқда, деди Президент.

Ўзбекистонда фаолият бошлаётган Хенди Ассан тажрибали ва обрўли дипломат сифатида мамлакатларимиз муносабатларини янада ривожлантиришга бутун куч-ғайрати ва салоҳиятини сафарбар қилиши қайд этилди.

Туркманистон – Ўзбекистонинг стратегик ҳамкори, бизнинг энг яқин ва ишончли қўшнимиздир, деди Президент. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ҳамкорлиги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида жадал ривожланиб бормоқда.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда улкан қадам бўлди. Ташриф якунлари бўйича эришилган муҳим келишувлар савдо ва инвестиция, туризм, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида тобора ривожланаётган алоқаларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш бизнинг истиқболдаги муҳим вазифамиздир.

Туркманистоннинг энг тажрибали дипломатларидан бири Язгул Маммедовнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳар томонлама самарали бўлади, давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқалар янги поғонага олиб чиқилишини, элчиларнинг дипломатик фаолияти самарали бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ҳукумати ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини таъкидлади.

Ўз навбатида, янги тайинланган элчилар самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор билим ва куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этди.

Изоҳ билдириш