6845

Шавкат Мирзиёев Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон 18 май 22:39 233

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чен раҳбарлигидаги Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегациясини қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президентининг яқинда Хитой Халқ Республикасига олий даражадаги ташрифи давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, чунончи, савдо, инвестиция ва маданий алоқаларни жадаллаштириш, шунингдек, биродарлашган қадимий Самарқанд ва Сиань, Бухоро ва Лоян шаҳарлари ўртасида сайёҳлар алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чен 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган чуқур таркибий ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ван Чен Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни илгари суриш мақсадида икки мамлакат парламентлариаро кенг кўламли ҳамкорликка Хитой томонининг манфаатдорлиги ва тайёрлигини таъкидлади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш