46109

Шавкат Мирзиёев: Аслида салоҳиятимиз – камида 1 миллиард доллар

Ўзбекистон 17 август 14:37 368

Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг кенг таркибдаги музокалари бошланди. Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо тартиби жорий қилинган. 2002 йилда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Ушбу комиссияларнинг ҳамраислари икки мамлакат Бош вазирлари экани томонларнинг бу алоқаларга катта аҳамият беришидан далолатдир.

2018 йил икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди. Йил бошидан буён турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиздан зиёд ўсди. Қиймати 300 миллион доллардан зиёд бўлган савдо шартномалари ва битимлар имзоланди.

“Ҳамкорлигимизда ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шундай ишлашда давом этсак, тез орада товар айрибошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказамиз. Аслида салоҳиятимиз – камида 1 миллиард доллар”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва таркибини диверсификация қилишни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берилди. Икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника  маҳсулотлари ва бошқа товарларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинди.

Транспорт ва транзит ташиш, энергетика ва гидроэнергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги самардорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлади.

Изоҳ билдириш