7862

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Ўзбекистон 29 май 13:38 261

27 май куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги қонунни кўриб чиқишди.

Конституциянинг 80-моддасига киритилаётган ўзгартишларда Ўзбекистон Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 93-моддага киритилган тузатишларга мувофиқ Конституциявий суд Президентнинг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

108- ва 109-моддаларга киритилаётган тузатишларда конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар экология ва атроф-муҳит соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, шунингдек, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳ билдириш