44456

Сарвар Отамуратов: Ҳар бир соҳа муваффақияти, албатта, етук кадрларга боғлиқ

Ўзбекистон 12 июль 11:16 311

Сайловчилар ишончини оқлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг бош мезони

Бугун юртимизда сиёсий партиялар самарали фаолият олиб бориши учун барча шароит яратилган. Миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлашни бош мақсад қилиб олган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ўз фаолиятини янгича асосда ташкил этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувдаги маърузасидан сўнг партиямиз фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди, ишлар танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқилиб, янги мезонлар асосида ташкил этилди.

Партия сайловолди платформасининг маънавий-маърифий, иқтисодий йўналишларидаги дастурий мақсад-вазифалари ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг ўрнини ошириш масалаларида партия ташаббуслар билан чиқмоқда.

Натижада аҳолининг партияга бўлган хайрихоҳлиги ортиб, 5 минг етти юздан зиёд бошланғич партия ташкилотларига 200 минг ортиқ аъзолар бирлашди.

Маълумки, Юртбошимиз маърузасида ҳар бир сиёсий партия томонидан ўзининг дастурий йўналишларидан келиб чиқиб, парламент ва депутатлик назоратини амалга оширувчи давлат органларини белгилаб олиши юзасидан кўрсатмалар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, партиямиз томонидан Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, чора-тадбирлар белгилаб олинди. Унга асосан ҳамкорларимиз кўмагида «Маданият тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда тайёрланмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд маданий мерос объектларини асраб қолиш ва тарихий ёдгорликларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва консервациялаш, улар чегараларини ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш каби вазифалар партиямиз олдида турган муҳим вазифалардандир.

Шуни инобатга олиб, партиямиз Маданият вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганди. Натижада 5500 дан ортиқ моддий маданий мерос объектлари ҳақида ҳудудлар кесимида фото материаллар ҳамда улар ҳолатига доир маълумотлар йиғилиб, Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Маданият вазирлигига тақдим қилинди.

Ҳар бир соҳа муваффақияти, албатта, етук кадрларга боғлиқ. Партия ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлиги доирасида туризм соҳаси учун кадрларни тайёрловчи олий ва ўрта махсус таълим муассалари ўқув жараёни ҳамда ўқув дастурлари билан танишиш, уларни такомиллаштириш мақсадида таълим муассасаларида очиқ мулоқот ҳамда ўрганишлар ўтказилди.

Ўтган даврда фракциямизнинг қонун ижодкорлиги, қонун лойиҳалари ташаббуси фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришлар кузатилди. Партия сайловолди платформаси ижросига ва электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилувчи учта қонун лойиҳаси — юртимизда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва сотишни чеклаш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида», «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари партия фракцияси аъзоларининг қонунчилик ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Умуман, 9 та қонун лойиҳасида ташаббускор бўлдик.

Парламент томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳудудларда фуқаролар, партия гуруҳлари аъзолари билан кенг муҳокама қилиш, қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида партиямизда «марказ — вилоят — туман» тартибида ишлайдиган янги тизим жорий этилди. Унга асосан, 4 та қонун лойиҳаси бўйича жами 210 та таклиф ишлаб чиқилиб, тақдим этилди.

Фракция аъзолари ишчи гуруҳ билан биргаликда 64 та туман ва шаҳарларда бўлишди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишга, фуқаролар малакали тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 1 минг 847 та масала аниқланиб, шундан 638 таси жойида ҳал этилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари ҳар ойда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини тизимли ўрганмоқдалар. Ўрганишлар натижасида 316 та давлат органлари, 418 та тадбиркорлик субъектлари, 473 та ижтимоий соҳа объектлари, 367 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 3 минг 642 та хонадон, жами 5 минг 280 та объектлардаги бугунги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишилиб, таҳлил қилинди ва ушбу жараёнларга 17 мингга яқин аҳоли қамраб олинди.

Ўтган давр мобайнида фракция аъзоларининг сайловчилар ва фуқаролар томонидан келаётган мурожаатлар асосида жойлардаги вазият, электорат кайфиятидан хабардор бўлиб, мавжуд муаммолар ва уларни ечими бўйича тегишли ташкилотларга 27 та депутатлик сўрови юборилиб, 21 та масала ижобий ҳал этилган.

Партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириш, партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда партиямиздан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатлар фаолияти алоҳида аҳамиятга эгадир. Айни кунда партиядан ҳудудий ва маҳаллий вакиллик органларига сайланган 1 132 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, ижро этувчи хокимият органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини олиб бориш, жойларда қонунлар, Президент қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқдалар.

2018 йил биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир 135 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 345 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссиялар йиғилишларида 315 та масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жойларда қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Жорий йил ўтган даврида фуқароларнинг мурожаатлари асосида 2 318 та депутатлик сўровлари амалга оширилди. Уларнинг аксариятида кўтарилган масалалар ўз ечимини топди.

Юртбошимизнинг «Депутатга беписандлик — халққа беписандлик» деган фикридан келиб чиқиб, халқ депутатлари Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилояти Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзоларининг депутат сўровига жавоб бермаган ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари ҳақида партия нашри, расмий веб сайти ва ижтимоий тармоқларда танқидий материаллар чоп этилди. Натижада депутатлик сўровларига жавоб олиниб, партия электоратини ўйлантираётган масалалар ҳал этилди.

«ЎзМТДП тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Партия расмий веб-сайтида ёшлар билан интерактив алоқа тизими жорий этиш мақсадида «Ёшлар қаноти» фаолиятига бағишланган www.yoshlarmt.uz субсайти яратилди. «Ёшлар қаноти» томонидан «Хизмат — беминнат», «Навоий ворислари», «Депутат билан юзма-юз» лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилаётир.

Хусусан, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, «Устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш мақсадида «Хизмат-беминнат» кўнгиллилар лойиҳаси доирасида ўтган давр мобайнида республика бўйича 524 та ўқув курси ташкил қилинган. Унда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танлови иштирокчилари 30 та, кўпгина фан олимпиадалар ғолиблари 150 та, жами 450 дан зиёд кўнгиллилар томонидан, 1 166 та уюшмаган, 852 та фанлардан ўзлаштириши паст бўлган, 797 та кам таъминланган оилалар фарзандлари жами 2 812 дан зиёд ёшларга қўшимча бепул таълим бериб келинмоқда.

Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг ижтимоий ҳолати, иқтисодий шароити билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларини тизимли таҳлил этиш ҳамда амалий ёрдам беришга қаратилган «Уйма уй» лойиҳаси доирасида 11 450 та хонадонларга ташриф буюрилди. Натижада 31 640 нафар ёшларнинг муаммолари аниқланди. Шундан 1 198 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 1 136 таси иш ўринларига тавсия этилди, 150 дан зиёд ёшларга 1,4 млрд.сўм имтиёзли кредит олинишига эришилди.

Бугун замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ён-атрофда, қўшни мамлакатлар ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар суръати шу қадар тезлашмоқдаки, замон билан ҳамнафас бўлиш барчамиздан катта масъулият, тезкорлик ва ўз ишимизни сидқилдан адо этишни талаб этади. Шундай экан, эришилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, сайловчилар ишончини оқлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва белгилаб олган вазифаларимизни амалга оширишда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси ишини янада жонлантириш фаолиятимиз бош мезонига айланмоғи керак.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари

Изоҳ билдириш