42554

Самарқандлик Д. Қувонов хонадони реконструкция асосида қайтадан қуриб берилди (фото)

Ўзбекистон 21 июнь 14:20 538

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “ОБОД ХОНАДОН – ЮРТ КЎРКИ” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани “Қорағуппа” қишлоғидаги Дилшод Қувонов хонадони реконструкция асосида қайтадан қуриб берилди.

Бугун Суҳробжоннинг ҳаётидаги энг қувончли кунлардан бири. Унинг ҳатна тўйи бўляпти. Яқинлари, узоқдаги қариндошлари, синфдошлари, ҳаттоки устозлари ҳам ёнида. Ҳамма-ҳаммалари унинг ҳурсандчилигига шерик бўлмоқда.

Суҳробжон ҚУВОНОВ: (Д.Қувоновнинг ўғли, 10 яшар)
-Тўйимга ҳамма синфдошларимни, дўстларимни чақирдим. Бугун менинг ва укамнинг тўйи бўляпти. Мактабдаги устозим ҳам келган. Ҳаммалари шу ерда. Уйимиз ҳам янги, бошқача бўлиб қолган.
Суҳробжоннинг сўзлари ҳақиқат. У туғилиб ўсган, ота-онаси ва бобоси билан биргаликда истиқомат қиладиган ушбу хонадон бундан бир ойгина аввал бутунлай бошқача кўринишда эди. Қишлоқда кам таъминланган оила сифатида рўйҳатга олинган, ўз муаммолари билан қоришиб яшаётган бу оиланинг энг катта ташвишларидан бири хонадон эгасининг саломатлигини тиклаш, тўшакка михланиб бораётган отанинг дардларига дармон излашдангина иборат эди. Юрак етишмовчилиги бўйича, 2-гуруҳ ногирони бўлган Дилшод Қувоновнинг асосий вақти шифохоналарда ўтар, уйида жуда кам бўлар, турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова эса, эрини парваришлаш билан кунларни тунларга улар, рўзғор, бола – чақа, ҳовли-жой ташвиши ўз-ўзидан кекса ва дардманд қайнотасининг зиммасида. Кунлари эрининг 207 минг сўмлик ногиронлик нафақаси ва маҳалладан бериладиган болалар пули эвазига ўтарди.

Наргиза ҚУВОНОВА: (Д.Қувоновнинг турмуш ўртоғи)
– Етишмовчиликдан ҳовлимизнинг тенг ярмини сотишга ҳам мажбур бўлдик. Дори-дармонга кўп пул зарур эди. Бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламасдик. Ҳўжайиним тузалиб, оёққа турса ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Айниқса, қиш келаверса, ташвишга тушиб қоламан. Томлардан чакка ўтади, совуқ. Деворлар тўкилиб тушай дейди… Бир куни бир аёл келди. “Истеъмолчилар” деган ташкилотнинг раҳбари Инобат опа Ҳасанова экан. (Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси) Ҳайрия акцияси доирасида уйингизни қайта қуриб берамиз, деди.

Наргиза турмуш ўртоғининг ногиронлигини иккинчидан биринчи гуруҳга ўтказиш, оилавий шароити оғирлигини ҳисобга олиб ёрдам берилишини сўраб жуда кўп ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилганди. Қолаверса, тиббий хулосага кўра, эрининг юраги зудлик билан операция қилиниши зарур. Жарроҳлик амалиёти фақат пойтахтда ўтказилиши лозим. Бунга маблағ топишнинг ўзи бўладими? Ҳамма мурожаатлари беэътибор қолаётган бир пайтда бундай хушхабар эшитиши унга яхшиликдан даракдай туюлди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Обод хонадон- юрт кўрки” лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган биттадан хонадон ташкилот маблағлари ҳисобидан қайтадан қуриб берилмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг туман (шаҳар) жамиятларининг ҳайрия маблағлари ҳисобига “Қорағуппа” қишлоғининг энг обод ва кўркам хонадонларидан бирига айланган бу масканда қисқа муддат давомида катта ишлар амалга оширилди.

Уч авлод вакиллари истиқомат қиладиган хонадон бутунлай реконструкция қилиниб, уйнинг эшик ва ромлари янгиланди, пол ва девор қисми алмаштирилди, ошхона ва ҳовли саҳни ҳам қайтадан қурилиб, унда қулайликлар яратилди. Бутунлай ўзгача қиёфа касб этган хонадонда бугун яна бир шодиёна Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан ҳатна тўйи ҳам бўлиб ўтмоқда.

Уйни эгаларига топшириш маросимида Пастдарғом туман ҳокими Собир Эргашев, туман прокуратураси ва хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар, Тошкентдан меҳмонлар – Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўз совға саломлари билан ҳозир бўлишди.

Пастдарғом туман ҳокимлиги ҳам тўйга тўёна билан келишди. Қувоновлар хонадонига 5 000 000 (беш миллион сўм) пул, замонавий газ плитаси (тўлдирилган газ баллони билан) ва телевизор тақдим этилди.

Изоҳ билдириш