39003

Самарқандда машина капотида ЙПХ ходимини олиб кетган ҳайдовчи жазога тортилди

Ўзбекистон 17 май 1:28 1 210
Фото: Google Images

Самарқанд шаҳрида ИИБ ЙҲХБ инспекторини машина капотида олиб кетган ҳайдовчи жазога тортилди. Бу ҳақда журналист Фарҳод Норбўтаев «Дарё»га маълум қилди.

2017 йил 24 ноябрь куни соат тахминан 15:30 атрофида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рудакий кўчаларининг кесишувида ИИБ ЙҲХБ инспектори Аброр Юсупов радио алоқа воситаси орқали шаҳар йўл ҳаракати қоидаларининг 56-бандини қасддан бузган ҳолда ҳаракатланиб келаётган Зафаржон Лутфиев бошқарувидаги Nexia русумли транспорт воситасини тўхтатиш ҳақида хабар олди.

Инспектор Юсупов жезл ёрдамида ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасини тўхтатишига уринди. Инспектор транспорт воситасининг олд томонидан ўтаётган вақтида Лутфиев машинанинг ойнасини очиб уни ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлайди ва йўлнинг ўрта қатнов қисмида ҳаракатланишни давом этди. Воқеа жараёнида автомашинанинг ҳар икки тарафида автомобиллар бўлгани, чап-ўнг томонга ўтишининг иложи йўқлиги сабабли инспектор Юсупов тан жароҳати олмаслик учун автомашинанинг олд қисмига чиқиб олди. Ҳайдовчи З. Лутфиев капот устида инспекторнинг бўлишига қарамасдан, машинани тўхтатмай, ҳаракатни давом эттирди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси Ғ. Негматов томонидан мазкур жиноятни содир этган, Самарқанд туман Қумтепа маҳалласида яшовчи, муқаддам судланмаган, вақтинчалик ишсиз, 1995 йилда туғилган фуқаро Зафаржон Лутфиевнинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида судланувчилар Зафаржон Лутфиев ва Фурқат Хидировларнинг хизмат вазифасини бажарётган ҳокимият вакилининг фаолиятига қаршилик кўрсатишдаги хатти-ҳаракатлари тўлиқ ўрганилиб, гувоҳларнинг сўзлари тингланди.

Суд ҳукмига кўра судланувчи Зафаржон Лутфиев Жиноят Кодексининг 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 8 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Изоҳ билдириш