44996

Самарқандда чақалоқларни ваҳшийларча ўлдирган жиноий гуруҳ устидан ҳукм ўқилди (видео)

Ўзбекистон 20 июль 15:53 10 134

Аввалроқ Самарқанд шаҳридаги хусусий туғруқхоналарнинг бирида муддатидан аввал туғилган чақалоқлар сотилган, сотишга тўғри келмаганлари қаровсиз қолдирилиб, уларни яширин равишда йўқ қилишгани ҳақида хабар берган эдик.

Шундан сўнг, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабар ҳақида расмий баёнот ҳам берган эди.

«Ўзбекистон» телеканалида шифокор Наргиз Санахонова ва унинг жиноий шерикларининг кирдикорларига бағишланган «Бир жиноят изидан» кўрсатуви эфирга узатилди.

«Uz24.uz» нашрининг хабар беришича, жиноят ишлар бўйича Самарқанд вилояти судининг ҳукмига кўра, Наргиз Санахонова Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг в, ж, о, п, р бандлари ва бошқа моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 13 йил-у 2 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Унинг жиноий шериги Дилором Насимовага Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг в, ж, о, п, р бандлари, 135-моддаси 3-қисмининг а,г бандлари ва бошқа моддалари билан жиноятлар мажмуи тариқасида 12 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мазкур иш бўйича Наргиз Санахонованинг қизи Эъзоза Санахонова ҳам судланган бўлиб, у битта эпизодда қатнашганлиги учун Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг а,г бандлари билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ унинг ёши ва талаба экани, қарамоғида укалари борлиги инобатга олиниб, Жиноят Кодексининг 72-моддаси билан 2 йилга синов муддати белгиланди.

Изоҳ билдириш