44092

Самарқандда беш юлдузли меҳмонхона қурилади

Ўзбекистон 6 июль 16:00 610

Самарқандда Туркиянинг APЕАC компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа қиймати 20 миллион долларни ташкил этадиган беш юлдузли меҳмонхона қурилади. Бу ҳақда туризмни ривожлантириш бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Мунис Восеев маълум қилди, дея хабар беради «Зарафшон» нашри.

Бугунги кунда унинг қурилиши учун жой ажратилган ва ушбу ҳудуддаги биноларни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Улар бузилиб, қурилиш ишлари яқин кунларда бошланади.

Шунингдек, «Афросиёб» меҳмонхонасини «Регистон КFT» хорижий корхонасига сотиш кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу лойиҳа ўрганилмоқда.

Самарқанд туманида хорижий сайёҳларга соғломлаштириш ва профилактика хизматларини кўрсатувчи объектлар барпо этилмоқда. Бу ерда меҳмонхоналар, коттежлар ва маданий ҳордиқ чиқариш жойлари ўрин олади. Ишлар «Оригинал Макс Люкс» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Жанубий Кореянинг «Янгон корпорейшн» компанияси томонидан эса сайёҳлар учун тиббий марказ, тарихий либослар театри ва ресторан-меҳмонхона мажмуаси қурилади. Ҳозирги кунда «Эл мероси» театри атрофидаги бинолар бузилмоқда. Янги объектлар учун 1,6 гектар майдон бўшатилади. Биноларни келаси йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Маълумот учун, Самарқанд вилоятида жорий йилги сайёҳлик мавсумида 350 минг хорижий ва 1 миллион 650 минг нафар маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатилиши кутилмоқда.

 

Изоҳ билдириш