45008

С.Отамуратов Олий Мажлис фракцияси бўйича ҳисобот берди

Ўзбекистон 20 июль 17:11 255

Жорий йилнинг 20 июль куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда фракциянинг 2018 йил биринчи ярмидаги фаолияти, амалга оширган ишлари, қонунчилик ташаббуслари, ҳудудлардаги фаолияти хусусида ахборот берилди.

Матбуот анжуманида «Миллий тикланиш» ДП фракцияси раҳбари С.Отамуратов шу йилнинг ўтган даврида фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда парламентга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, муайян ишларни амалга оширганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга қаратди. Жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасида фракция аъзоларининг фаоллиги бирмунча ошганлиги кузатилди. Ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 11 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган бўлса, уларнинг 9 тасида фракция аъзолари иштирок этди. Бундан ташқари, партия дастурий вазифалари ва электорат манфаатлари ҳамда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Масалан, фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 3 та қонун лойиҳаси – «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги 2018 йил 2 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Бундан ташқари, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 73 та қонун лойиҳаларининг 41 таси бўйича фракция аъзолари масъул бўлиб, уларни қабул қилинишида фаол ишитирок этдилар.

Фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, сайловчилар билан учрашувлари олдинги йилларга нисбатан самарали кечди. Хусусан, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаш юзасидан ҳисобот даврида 64 та туманда олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 316 та давлат органлари, 418 та тадбиркорлик субъектлари, 473 та ижтимоий соҳа объектлари, 367 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда 3 642 та хонадон, жами 5 216 та объектлардаги бугунги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишилиб, таҳлил қилинди ва ушбу жараёнларга 17 мингга яқин аҳоли қамраб олинди. Фракция аъзолари томонидан ўрганишларда аниқланган масалаларни ечими юзасидан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга 27 та депутатлик сўрови юборилиб 21 та (77 %) масала ижобий ҳал этилган, 2 тасига жавоб кутилмоқда, қолган 4 таси жойлардаги Давлат дастурининг 2019 йилга киритилиши билан боғлиқ.

Парламент назоратини амалга ошириш бўйича фракция йиғилишларида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг), Ҳисоб палатасининг 2017 йилги фаолияти якунларига бағишланган ҳисоботи ҳамда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ва 2018 йил I чорак якунлари ижроси тўғрисида Молия вазирлигининг ҳисоботлари тингланди. Мазкур жараёнларда партия дастурий вазифалари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, жорий йил учун фракция ташаббуси билан меъморий-тарихий, ижтимоий-маданий объектларини асраб-авайлаш ва туризм салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 38,7 млрд.сўм ажратилишига эришилган. Ушбу кўрсаткич ўтган 2017 йилга нисбатан қарийб 13 млрд.сўмга ортиқ эканлигини қайд этилди ҳамда парламент назорати йўналишидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, ҳисобот даврида партия фракциясининг фаолиятида ўзгаришлар кузатилди. Аммо ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талай эканлиги, амалий ишлар салмоғини янада кучайтириш, иш режада кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида фракция фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча саволларига жавоб берилди.

Изоҳ билдириш