44410

Президентимиз ташаббуси билан қайта таъмирланган майдон фойдаланишга топширилди (фото)

Ўзбекистон 11 июль 16:53 339

1966-йилнинг 26-апрелида Тошкент шаҳрида юз берган кучли зилзилани акс эттирувчи Жасорат майдони тубдан таъмирланди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Asr.Uz`га маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг халқ қабулхоналарига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар, талаб ва истакларни инобатга олиб, Президентимиз ташаббуси билан қайта таъмирланган ушбу майдон 10-июль куни фойдаланишга топширилди.

Рафиқаси ва фарзандларини зилзиладан ҳимоя қилаётган эркак акс эттирилган монумент атрофидаги майдон ободонлаштирилиб, хушбўй гуллар экилди, замонавий ёритгичлар ҳамда қулай ўриндиқлар ўрнатилди.

Шу тарзда пойтахт аҳолиси оилавий ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган диққатга сазовор масканлар сони яна биттага кўпайди.

“Фарзандларим билан қайта таъмирланган Жасорат майдонинида сайр қилиб юрибмиз. Бу ерда оилавий ҳордиқ чиқариш учун яратилган шароитлар бизни қувонтирди. Ҳаммадан ҳам болалар хурсанд. Негаки энди уларнинг мириқиб сайр қилиш мумкин бўлган хушманзара гўшалар сони яна биттага кўпайди. Ушбу майдонни аҳоли фойдаланиши учун қисқа муддатда таъмирлаб берган мутасаддиларга миннатдорчилик билдираман, оилам билан дуо қиламиз”, — дейди фарзандлари билан майдонда сайр қилаётган юртдошимиз Шаҳло Сатторова.

Изоҳ билдириш