29846

Президент топшириғи: Ўзбекистонда янги ассоциация тузилади

Ўзбекистон 19 январь 17:00 1 657

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. Давлатимиз раҳбари Термиз туманидаги «Inter Silk Pro» қўшма корхонасига қарашли инновацион пиллахона фаолияти билан танишди. Шундан сўнг йўл-йўлакай пиллахона ёнида нон пишираётган аёлларнинг ёнига бориб, улар билан суҳбатлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф давомида коврак етиштирувчилар ассоциациясини тузиш таклифини ўртага ташлади.

Коврак ўсимлиги ўзи нима?

Коврак ўсимлиги томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўк йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволовчи, инсонга қувват берувчи, балғам кўчирувчи ва гижжа ҳайдовчи доривор ўсимликдир.

Ковракнинг бўйи 1.5-2 метргача етади, илдизи йўғон 15-20 смгача етади, лавлагисимон чуқур жойлашган. Ўсимлик пояси 8-9 йилда бир маротаба ўсиб чиқади ва гуллайди-монокарп. Пояси тик ўсувчи, йўғон, ичи ковак юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари бандли, уч марта ажралган. Барг бўлаклари чўзинчоқ, ёки ланцетсимон.Поядаги барглари майдароқ, ташқи томони жуда кўп туклар билан қопланган бўлиб, пояда қини билан кетма-кет ўрнашган. Гуллари мураккаб соябонга тўпланган. Гули оч сариқ, косачасиз, тожбарги 5 та, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастда жойлашган. Меваси икки бўлакли донача.

Март-апрел ойларида гуллайди, меваси апрел-майда пишиб етилади.Ўсимликнинг ер устки қисмлари ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1.5-2 ой яшайди.

Коврак туркумига мансуб турлар Кавказ, Ўрта Осиё республикалари, Ғарбий Сибирда, Ўрта ерденгизи минтақаларида, Эрон, Афғонистон, Покистон, Хитой ҳамда Ҳиндистонда кенг тарқалган.Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ҳудудларида қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди яланглиқларда, соф тупроқли ерларда ўсади.

Изоҳ билдириш