15383

Президент танқидидан сўнг Ёшлар Иттифоқи тўйларни ихчамлаштиришга киришди

Ўзбекистон 16 август 23:12 505

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Олмалиқда тўйларни ихчамлаштириш бўйича тадбир ўтказди, деб хабар қилди «Ўзбекистон 24».

Хабарда айтилишича, 2017 йил 15 август куни Олмалиқ шаҳридаги «Олтин олма» хиёбонида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олмалиқ шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ва Маданият бўлими билан ҳамкорликда «Олмалиқ шаҳар ёшлари тўйларни ихчамлаштириш тарафдори!» шиори остида мулоқот ташкил қилинган.

Учрашувда тўйлардаги ортиқча харажатлар, исрофгарчиликлар, тўйларни ўтказишда миллий урф-одатларимиз ўрнига мантиқсиз, Европа одатлари асосидаги анъаналарга асосий урғу бериб юбориш каби иллатларнинг олдини олиш ҳақида фикр юритилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни зиёлилар билан ўтказган йиғилишида фуқаролардан тушаётган кўплаб талаблар асосида тез кунда тўйларни ихчамлаштириш тўғрисида қарор чиқарилишини маълум қилган эди.

Президент ўз нутқида «Камолот» қурултойида ёшлар бу борада таклиф билан чиқишмаганини танқид қилган эди.

«Яқинда ўтган «Камолот» қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, «Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик», деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим», — деб айтган эди Мирзиёев

Изоҳ билдириш